Ҳиндистонда сирли қоя расмлари топилди

Ҳиндистонда археологлар ёши 10000 дан 40000 йилгача бўлиши мумкин бўлган сирли қоя расмларининг топилганлигини эълон қилдилар. Уларнинг асл мазмуни ҳозирча фанга номаълум.

The Indian Express нинг хабар беришича, топилмалар Харьяна штатидаги Фаридобод туманида, етиб бориш анча қийин бўлган ерда аниқланган. Эколог Сунил Харсана уларни ўрмондаги Мангарбани тепалигида топиб олган.

Эколог топилмалар ҳақида дарҳол археологларга хабар қилди ва улар тепаликка махсус экспедиция юбордилар. Аммо бу расмларнинг  қандай маънони билдириши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай илмий тахмин йўқ.

Бу расмларнинг баъзилари трафарет-бармоқ изларига ўхшаб кетади.

Харьяна штати археология ва музейлар бошқармаси мудири ўринбосари  Банани Бхаттачарьянинг айтишича, топилмаларнинг ёшини аниқлаш ҳали олдинда турган илмий вазифалардан биридир. Аммо олимлар уларни илк палеолит даврига мансуб, деб тахмин қилишмоқда.