Исроиллик ҳарбийлар Ғарбий Соҳилда фаластинлик болани отиб ташлашди

Исроил қўшинлари босиб олинган Ғарбий Соҳилда отаси билан машинада кетаётган 12 ёшли фаластинлик болани отиб ўлдирди, дея хабар бермоқда Фаластин расмийлари.

Исроил ҳарбийларининг сўзларига кўра, аскарлардан бири транспорт воситаси кун бўйи “шубҳали фаолият” билан машғул бўлган деган хулосага келганидан кейин автомобилнинг ғилдиракларига ўқ узишган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Ғарбий Соҳил жанубидаги Хеврон яқинида жойлашган Фаластиннинг Бейт Уммар қишлоғида болакайнинг кўкрагига ўқ узилган. У яқин атрофдаги касалхонага етказилганидан бир неча соат ўтгач вафот этган.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, воқеа жойида бўлган қўшинлар икки киши машинада эрталаб майдонга яқинлашиб, транспорт воситасини қаровсиз қолдирганини ҳамда воқеа жойини тарк этишларидан олдин “ер қазишганини” кўришган.

Бейт Уммар шаҳар ҳокими Насри Сабарнеҳнинг айтишича, чоршанба куни қишлоқдаги бир оила ўлик ҳолда туғилган қизини ушбу ҳудудга кўмган.

Аскарлар “қабристонга бостириб кириб, қиз дафн этилганидан бир неча соат ўтгач, унинг қабрини қазиб олишди”, – деди жаноб Сабарнеҳ Фаластиннинг расмий “Вафа” ахборот агентлигига.

Кейинчалик, ҳарбийларнинг таъкидлашича, аскарлар ҳудди шу транспорт воситасига ўхшаш автомобилни ҳудудга яқинлашаётганини кўришганига ишонишган.