Кўчалар ва йўлларни ёритишнинг янги усули ишлаб чиқилди

Британияликлар кўчаларни ва йўлларни электр энергиясидан фойдаланмаган ҳолда махсус қоплама билан ёритиш усулини таклиф қилишмоқда. Янги StarPath номли технология Nevana Designs томонидан ишлаб чиқилган.

Махсус қоплама пиёдалар йўлкаларига, йўлларга, велойўлакларга ёки уйларнинг деворларига суртилиши мумкин. У кундузи қуёшдан ультрабинафша нурларини ўзига ютади ва тунда тўпланган нурлар натижасида ёриқлик тарқатади.

Чироқлар ва электр ёритгичларининг бошқа турларидан фарқли ўлароқ, бундай қоплама доимий эътибор ва техник харажатларни талаб қилмайди. Хизмат муддати 25 йил эканлиги айтилмоқда.

Қоплама ноёб металлар аралашмаси ва қайта ишланган композит пластмассадан тайёрланган. Металл аралашмаси қоронғуда порлайди ва пластмасса ёмон об-ҳаво шароитига жуда чидамли. Ишлаб чиқарувчилар қулай шароитларда қоплама 10 соат давомида порлаши мумкинлигини айтишмоқда.