Пентагон: Толибон ҳаракати секинлаштирилиши керак

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, Афғонистон хавфсизлик кучларининг биринчи вазифаси эгалланган ҳудудларни қайтариб олишга уринишдан олдин Толибон ҳаракатини секинлаштиришга ишонч ҳосил қилишдир.

Рейтерс агентлигининг хабар беришича, Афғонистон ҳарбий кучлари Кобул ва бошқа шаҳарлар, чегара пунктлари ва ҳаётий инфратузилма каби энг муҳим объектлар атрофида кучларни тўплаш асносида Толибонга қарши уруш стратегиясини қайта тикламоқда.

Остиннинг таъкидлашича, афғонларнинг муваффақиятга эришиш учун имкониятлари етарли, аммо мамлакатдаги “вазият кузатув остида”.

АҚШ бошчилигидаги хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетишнинг сўнгги босқичларини амалга оширар экан, Толибон босими остида бўлган Афғонистон ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш учун Америка Қўшма Штатлари ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.

Байден афғон кучларига молиявий ёрдам кўрсатишни ва тўхтаб қолган тинчлик музокараларини жонлантириш учун дипломатик ҳаракатларни икки баравар оширишни ваъда қилди.