Покистон: БМТ Пегасус жосуслиги учун Ҳиндистонни жавобгарликка тортиши керак

Покистон БМТни журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатчилар ва бошқалар ортидан жосуслик қилиш учун Исроил томонидан ишлаб чиқилган Пегасус дастурий таъминотининг кенг қўлланилишини «атрофлича текширишга» чақирди.

«Биз халқаро оммавий ахборот воситалари Ҳиндистон ҳукуматининг ўз фуқароларига, чет элликларга, шунингдек, (Покистон) бош вазири Имран Хонга қарши Исроил томонидан ишлаб чиқилган дастурдан фойдаланган ҳолда уюштирган жосуслик операцияларини фош қилганлигини жиддий хавотир билан кузатдик», – дейилади ТИВ хабарида.

Ҳафта бошида ҳукуматларга жосуслик дастурларини етказиб беришда айбланаётган NSO гуруҳи ўн минглаб абонент рақамларига, жумладан, дунёдаги фаоллар, журналистлар, бизнес эгалари ва сиёсатчилар рақамларига боғлангани айтилган эди.

NSO Group ва унинг Пегасус жосуслик дастури телефон камераси ёки микрофонини ёқиш ва унинг маълумотларини йиғиш қобилиятига эга. Дастур 2016 йилдан бери тадқиқотчилар Бирлашган Араб Амирликларида бир нафар диссидент (расмий давлат сиёсати, айниқса авторитар давлат сиёсатига қарши бўлган одам) ортидан кузатилганидан бери кун тартибидан тушмаётган эди.

Дастур ёрдамида кузатилганлар рўйхатида Покистон Бош вазири Имрон Хон ва Франция Президенти Эммануэл Макронлар ҳам бор.