Токио-2020: Ўзбекистон

100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида иштирок этган сузувчимиз Хуршиджон Турсунов баҳсларда 50.14 сония натижа қайд этди. Бу ярим финалга йўл олиш учун етарли бўлмади ва навоийлик спортчимиз шу билан Олимпиададаги иштирокини якунлади.

Дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. Ҳамюртимиз ўтиш босқичида грузин полвони билан куч синашди. Беллашув давомида Тато Григалашвилининг амалга оширган вазари баҳоси баҳс якунигача ягона эътиборли вазият бўлиб қолди ва вакилимиз Олимпиадани кучли саккизликда якунлади.

Боксчимиз Бобоусмон Батуров делегациямизнинг бугунги кун дастуридаги илк ғалабасини тақдим қилди. Вакилимиз дастлабки баҳсда доминиканлик рақибига қарши рингга кўтарилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди. Батуров, шу тариқа чорак финал босқичига йўл олди. Ушбу босқичда у британиялик Пэт Маккормакка қарши рингга кўтарилади

Таэквондочи вакиламиз Светлана Осипова қозоғистонлик Жанзель Денизга қарши жанг ўтказди. Муросасиз беллашув 9:9 ҳисобида якунланаётган бир пайтда, сўнгги сонияда ҳамюртимиз қўл зарбасини ўтказиб юборди ва мағлуб бўлди. Энди у қозоғистонлик рақибаси финалга етиб борган тақдирда бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолади.

Дзюдочимиз Фарангиз Ҳожиева 63 кг вазн тоифасида дастлабки баҳсда Кабо-Верде вакиласи Сандрин Биллетга қарши жанг ўтказиб, оғриқли усулга тушиб қолди ва бугун медаллар учун курашни эрта тарк этди.

olympic.uz