Токио Олимпиадасининг очилиш маросими директори ишдан бўшатилди

Токио Олимпиадаси очилиш маросимининг шоу-директори ўйинлар бошланиши арафасида Ҳолокостга ишора қилинган скетч (қисқа кулгили қочирма) сабабли ишдан бўшатилди.

Кентаро Кобаяшининг 1998 йилги комик скетч остига ёзган шарҳлари ўтган кеча интернет тармоғида пайдо бўлиши айрим японларнинг норозилигига олиб келди.

«Ўтмишда у тарихнинг фожиали ҳақиқатини масхара қилган сўзларни ишлатгани маълум бўлди. Ташкилий қўмита Кобаяшини лавозимидан озод этишга қарор қилди», – деди Токио-2020 раҳбари Сейко Хашимото.

Кобаяши бўлиб ўтган воқеалар учун узр сўради. Япониянинг таниқли театр арбоби бўлмиш Кобаяши очилиш маросими жамоасини шармандалик билан тарк этган сўнгги аъзоси ҳисобланади.

Ундан олдин очилиш ва ёпилиш маросимларининг ижодий директори Хироши Сасаки оғир вазнли истеъдодли аёл комедиячига намойишда чўчқа кўринишида чиқишни таклиф қилганидан кейин март ойида истеъфога чиққанди.

Душанба куни эса маросим бастакори ногирон синфдошларини ҳақорат қилгани тасвирланган эски интервьюларга қарши норозиликдан сўнг ишдан кетди.