Туркия Тунисдаги воқеалардан “қаттиқ ҳавотирда”

Туркия Тунис президентининг мамлакат бош вазирини ишдан бўшатгани ва “халқ иродаси”ни ифодаловчи парламент фаолиятини тўхтатиб қўйганидан “қаттиқ хавотирда” эканлигини айтди.

“Биз демократия йўлида кўплаб босқичларни муваффақиятли босиб ўтган Тунис халқи бу қийинчиликни ҳам енгиб ўтишига шубҳа қилмаймиз”, – дейилади Туркия ТИВ баёнотида.

Баёнотда Туниснинг “ўзгача мавқеи” ва бу минтақада халқ умид қилган натижаларга биноан амалга оширилган демократик жараёнлар нуқтаи назаридан муваффақият намунасини яққол кўрсатиб берувчи ютуқларни сақлаб қолиш зарурлиги таъкидланган.

Туркия Тунис ва у билан мустаҳкам тарихий алоқаларга эга бўлган “қардош” тунисликлар ёнида туришда давом этади, дейилади вазирлик баёнотида.

Якшанба куни Тунис президенти Каис Саид Бош вазир Ҳашем Машишининг ҳукуматини истеъфога чиқарди, парламент фаолиятини музлатиб қўйди ва янги бош вазир ёрдамида ижро этувчи ҳокимият ваколатини ўз зиммасига олди.

Парламент спикери Рашид Ганнуши Президент Саиднинг ҳаракатларини Тунис конституцияси, инқилоби ва эркинликларига қарши “тўнтариш”дан бошқа нарса эмас, дея таърифлади.

Парламентга жойлаштирилган аскарлар Ганнуши ва унга ҳамроҳ бўлган қонун чиқарувчиларнинг бинога киришига тўсқинлик қилишди.