Туркиянинг жанубида ўрмон ёнғинлари авж олмоқда

Туркиянинг жанубида юз берган ва иккинчи кун давом этаётган кучли ўрмон ёнғинлари натижасида уч киши ўлик ҳолда топилган, дея хабар бермоқда АФАД табиий офат агентлиги ва қишлоқ хўжалиги вазири. Бошқаларни қутқариш ва оловни ўчириш ишлари давом этмоқда.

Ёнғин натижасида мол-мулкига зарар етган 100 нафардан ортиқ одам эвакуация қилинган, уларга алоҳида тиббий муолажалар кўрсатилган.

Иссиқ об-ҳаво ва кучли шамоллар Анталиянинг курорт шаҳридан 75 км шарқда жойлашган Манавгат шаҳри ва унга яқин қишлоқлар атрофида ёнғин тарқалишига олиб келди. Чоршанба куни бир нечта аҳоли пунктлари ҳам эвакуация қилинди.

Ёнғинни ўчириш ишларига самолёт, дрон, 19 та вертолёт, 250 тага яқин турли техника ва 960 нафар ходимлар жалб қилинган. Туркиянинг Қизил Ярим Ой жамияти ҳудудга ходимлар ва озиқ-овқат юборган.

Ҳукумат Анталиядаги 18 та қишлоқ ва туманлар, қўшни Адана ва Мерсин вилоятларидан 16 та қишлоқ аҳолисини эвакуация қилган.