Афғонистон суверенитети бўйича учрашув ўтказилди

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистоннинг таниқли сиёсий раҳбарлари, диний уламолар, аёллар, фуқаролик жамияти ва ёшлар вакиллари билан маслаҳат-учрашувини ўтказди.

Ашраф Ғанининг айтишича, бу йиғилишда иштирокчилар “бир овоздан Афғонистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб –қувватлашларини” эълон қилишган.

Президент саройи берган баёнотда, улар зўравонликни тўхтатиш ва тинчликка эришиш, мамлакатни, миллий суверенитетни, миллий институтларни, умумий қадриятларни, аёллар ҳуқуқларини ва Конституцияда кўрсатилган бошқа барча эркинликларни ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида келишиб олгани айтилади.

Учрашувда Миллий ярашув олий кенгаши раҳбари доктор Абдулла Абдулла, собиқ вице-президент Муҳаммад Карим Ҳалилий, хавфсизлик агентликлари раҳбарлари ва бошқа расмийлар қатнашган.

Улар, шунингдек, мамлакатни ҳимоя қилишда халқ қаршилигини янада кучайтиришга келишиб олдилар.

Учрашувнинг ўтказилиши сўнгги икки ой ичида мамлакатда зўравонлик юқори даражада сақланиб қолган бир вақтга тўғри келди. Айни пайтга қадар, тинчликка эришиш жараёни ҳеч қандай натижа бермади.