Америкада биринчи бўлиб ёқилғи қуйиш шохобчаларини тақиқлаган шаҳар

Эмили Бит иқлим ўзгариши таҳдидини сезмаган пайтини эслайди. Унинг оиласи Калифорния штатининг жанубидаги Напа округидаги Америка канёнида яшайди, у ҳозирда рекорд даражадаги юқори ҳарорат ва вайрон қилувчи ўрмон ёнғинлари ҳақида “Илгари бунчалик ёмон бўлмаган”, дейди.

Энди у ва талаба фаоллар иқлим ўзгаришига олиб келадиган ёқилғи занжирининг катта бўғини бўлган ёқилғи қуйиш шохобчаларини йўқотиш устида ишламоқда. Унинг шаҳарчасида иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси қуриш режалаштирилган. У уларни бекор қилмоқчи. “Бизга улар керак эмас“, дейди у.

Март ойида Сонома округидаги Петалума АҚШда ёқилғи қуйиш шохобчаси қурилишини ёки мавжуд майдонларда янги насосларни тақиқлаган биринчи шаҳар бўлди.

Бу жиддий ўзгаришнинг бошланиши. Калифорния ҳозирда мамлакатда электромобиллар савдоси бўйича энг юқори кўрсаткичга эга. Янги автомобил сотувларининг 11 фоизга яқини шу йилнинг биринчи уч ойида электрмобиллар ҳиссасига тўғри келди. 2020 йилда губернатор Гавин Невсом Калифорниядаги барча янги енгил автомобиллар ва юк машиналарини 2035 йилга келиб чиқиндисиз транспорт воситаларига айлантиришни буюрди. “Женерал Моторс” ва бошқалар 2035 йилгача электромобилларнинг тўлиқ таркибига эга бўлишга ваъда беришган.

Дунёдаги биринчи ёқилғи қуйиш шохобчаси 1905 йилда Сент-Луисда (Миссури штати) қурилган. Автомобил эгаларининг ва ёқилғи қуйиш шохобчаларининг кўпайиши нафақат америкаликларнинг саёҳат услубини, балки мамлакатнинг ландшафтини ўзгартириб юборган. Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб 168 минг шохобча мавжуд.