Apple iPhoneлардан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик тасвирларини излайди

Apple компанияси АҚШда фойдаланувчиларнинг iPhone телефонларидан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик тасвирларини сканерлаб топиш режасини эълон қилди.

Бу янгилик болаларни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан мақтовга сазовор бўлди, бироқ баъзи хавфсизлик тадқиқотчилари тизим нотўғри ишлатилиши мумкинлиги ҳақида хавотирларини баён қилдилар. Уларнинг фикрича, ҳукумат ушбу тизим орқали ўз фуқаролари ортидан жосуслик қилмоқчи.

«NeuralMatch» деб номланган болалар жинсий зўравонлик тасвирларини аниқлаш учун мўлжалланган восита расмларни iCloud га юклашдан олдин сканерлайди. Агар у болалар порнографияси категориясига мос келса, тасвир инсон томонидан кўриб чиқилади. Суратларда болалар порнографияси тасдиқланса, фойдаланувчининг ҳисоби ўчирилади ҳамда Йўқолган ва Эксплуатация қилинган болалар миллий марказига хабар қилинади.

Шунингдек, Apple болалар хавфсизлиги чораси сифатида фойдаланувчиларнинг шифрланган хабарларида ҳам шаҳвоний мазмун бор ёки йўқлиги бўйича сканерлашни режалаштирмоқда.

Жонс Ҳопкинс университети криптография тадқиқотчиси Метю Гриннинг айтишича, бу тизим болалар порнографияси тасвирларини бегуноҳ одамларга юбориб, уларни босим остига олиш учун ишлатилиши мумкин. Шу йўсинда Apple алгоритмини алдаш жуда осонлиги айтилмоқда.

Apple, сўнгги ўзгаришлар iPhone, iMac ва Apple Watch учун операцион дастурий таъминотни янгилаш доирасида жорий йилда амалга ошишини айтди.