АҚШ “Исломий давлат” аъзосини нишонга олди

АҚШ ҳарбийлари шанба куни “Исломий давлат”га ҳужум қилишди. Кобулда ИШИД аъзоси ўзини портлатиши оқибатида 200 нафардан ортиқ афғонлар ва 13 америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлган.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, Нангаҳарда “Исломий давлат” аъзосига Кобулдан туриб учувчисиз дрон билан зарба берилган.

Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Ҳарбий-денгиз кучлари матбуот котиби Уилям Урбан тинч аҳоли қурбонлари ҳақида маълумот йўқлигини айтди.

АҚШ расмийлари, шунингдек, барча америкаликлар аэропортни зудлик билан тарк этишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирдилар.

Амалга оширилган ҳаво ҳужуми Президент Жо Байден пайшанба куни халққа берган ваъдаси ижросини таъминлади. “Биз сизни овлаб, (қилган ишларингиз учун) жавоб беришга мажбур қиламиз”, – деганди президент.

Пентагон раҳбарлари жума куни журналистларга президент буюрган ҳар қандай жавоб чораларига тайёр эканликларини айтишди.

Жаноб Байден келаси ҳафта сешанба куни эвакуацияни якунлаш муддати эканлигини таъкидлади.

Оқ Уйнинг маълум қилишича, охирги 24 соат ичида АҚШ ва коалиция кучлари самолётларида Кобулдан 12500 га яқин одам олиб келинган. Кейинги 12 соат ичида яна 4200 киши эвакуация қилинган. Псаки хонимнинг айтишича, 300 га яқин америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетган ва Давлат департаменти кетмоқчи бўлган яна 500 га яқин киши билан ишламоқда.