АҚШда 5 яшар бола 3 яшар қизчани отиб қўйди

АҚШнинг Миннесота штатидаги Бина шаҳрида 13-август куни 5 яшар бола 3 яшар қизчанинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда ABC News маҳаллий полицияга таянган ҳолда хабар беради.

Шериф Том Берчнинг сўзларига кўра, бола қизчага “тасодиф билан” ўқ узган. Қизалоқнинг оиласи уни Дик-Ривер шаҳри касалхонасига олиб боришган. Аммо шифокорларнинг уринишларига қарамай, оғир яраланган қизча вафот этган.

Болалар бир-бирига қариндошми, дўстми, номаълум. Полиция ҳозирда боланинг ўқотар қуролни қаердан олганини суриштирмоқда.

Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилиши ҳақида ҳам ҳозирча маълумот йўқ.