АҚШда бир аёл эмланиш лотереясида 2 миллион доллар ютиб олди

Мичиган штатида яшовчи Кристин Дювал коронавирусга қарши эмланганлар учун 2 миллион доллар пул мукофотига сазовор бўлди.

Аёлнинг айтишича, ютган пуллари унга “барча орзуларини” амалга ошириш имконини беради. У маблағнинг бир қисмини уч нафар фарзандини коллежда ўқитиш ва уйни таъмирлашга сарфлайди. Яна бир қисмини эса руҳий саломатлик хизматларига хайрия қилади.

Мичиган штатидаги ушбу лотерея июль ойида одамларни коронавирусга қарши эмлашга рағбатлантириш учун бошланган. Ҳар куни эмланганлар орасида 50 минг долларлик лотерея ўйналди. Бундан ташқари, эмланган 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган тўққиз нафар мактаб ўқувчилари ҳам ўқиш учун тўрт йиллик стипендияни қўлга киритдилар. Шунингдек, штатда бир неча ҳафта олдин 1 миллион долларлик бошқа бир мукофот ҳам ютиб олинган.

Штат расмийларига кўра, лотереяда қатнашиш учун 2,4 миллион маҳаллий аҳоли рўйхатдан ўтган, 106 минг ўрта мактаб ўқувчиси стипендия олиш учун ҳужжат топширган.

11 июлдан 7 августгача Мичиган штатида коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи дозасини олганлар сони кун сайин ошиб борган.