АҚШда дунёда биринчи марта коронавируснинг кийикларга юқиши ҳолати қайд этилди

АҚШ ҳукумати жума куни дунёда биринчи марта коронавируснинг кийикларга юқиши ҳолати қайд этилганини айтди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Оҳаё штатидаги оқ думли кийикларда Ковид-19 келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вируси инфекциясини қайд этган.

“Биз кийиклар SARS-CoV-2 га қандай юқтирганини билмаймиз”, – деди АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Линдси Коул Рейтерсга электрон почта орқали. “Бу одамлар, атроф-муҳит, бошқа кийиклар ёки бошқа ҳайвонлар орқали бўлиши мумкин”.

Илгари, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги итлар, мушуклар, йўлбарслар, шерлар, қор қоплони, сув отлари, гориллалар ва бизонларда Ковид-19 билан касалланиш ҳолатларини қайд этган эди.