АҚШда иш ҳақи оширилиши режалаштирилмоқда

Chipotle ва Sodexo каби компаниялар ишга янги қабул қилинган ходимларга тўланадиган иш ҳақи миқдорини ошириши асносида, корхонада узоқ вақтдан бери меҳнат қилаётган ходимлар ва менежерларнинг иш ҳақини ҳам қайта кўриб чиқмоқдалар.

АҚШ бўйлаб компаниялар “қаттиқ” меҳнат бозоридан ишчиларни ёллаш учун таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдорини оширмоқдалар. Бу эса иш берувчиларнинг кўпайишига олиб келмоқда ва мавжуд ходимларга тўланадиган иш ҳақини қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

“Компаниялар бошланғич даражадаги иш ўринлари учун иш ҳақи ошишини эълон қилишганда, улар ўзларининг ички ишчи кучларига сигнал юборадилар”, – деди Корнел университети ILR мактаби имтиёзларни ва инсон ресурсларини ўрганиш институти илмий директори, профессор Дорн Бартон. Бу каби сигналлар компаниялар томонидан шахсларнинг малака ва иш тажрибалари қийматини қайта баҳолашга ундаши мумкин.

Chipotle Mexican Grill ишчиларнинг соатлик иш ҳақини ўртача 15 долларга кўтарганда, раҳбар ходимларнинг иш ҳақларида ҳам шундай ўсиш таклиф қилди. 2900 га яқин иш жойларига эга бўлган ушбу занжир-корхона, ҳар бир тажрибали ходимнинг иш ҳақи ортишига ишонч ҳосил қилди. Chipotle нинг мақсади барча ходимлар иш ҳақлари ўртасида тегишли фарқни сақлашдан иборат.

Статистик маълумотларга кўра, июнь ойида АҚШда иш берувчилар 850 мингдан ортиқ иш ўрни яратдилар.

Компаниялар бошқа иш берувчилардан ходимларни тортиб олиш учун ҳам юқори маош таклиф қилмоқдалар, чунки мамлакатда охирги вақтларда ишдан бўшаш ставкалари рекорд даражага етди. ADP Inc компанияси маълумотларига кўра, иш жойини алмаштирувчиларнинг иш ҳақлари 2020 йил июнь ойидан 2021 йил июнига қадар 5,8% га ошди, бир йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида шу ишда бўлган одамлар учун иш ҳақи 3,1% га кўтарилди.

ADP (Automatic Data Processing Inc. – инсон ресурсларини бошқариш бўйича дастур ва хизматлар тақдим қилувчи провайдер) маълумотларига кўра, 2020 йил июнь ойидан бошлаб ахборот технологиялари соҳасидаги ходимларнинг иш ҳақи ўртача 9,8%га, молия ва кўчмас мулк соҳасидаги ишчиларнинг маошлари 7,8%га, профессионал ва тижорат хизматларида ишлайдиганларнинг ойликлари эса 9,6%га ошган. Йил давомида иш жойини ўзгартирмаган ходимларнинг иш ҳақи ўртача 3,7%дан 4,7%гача кўтарилди.

“Детройтда жойлашган Ally Financial Inc компанияси раҳбарлари ҳар чоракда бир марта ходимларнинг иш ҳақлари миқдорини қайта кўриб чиқадилар ва эҳтиёж бўлганда, ишчиларга товон пули тўланади, натижада корхонада аввалдан ишлаб келувчиларнинг иш-ҳақлари янги ишга қабул қилинганларникидан фарқ қилмайди. Ходимлар иш ҳақлари адолатли равишда татбиқ қилинишини сезишлари жуда муҳим”, – деди ходимлар бўйича бош ходим Кети Паттерсон.

Унинг сўзларига кўра, ишчилар ўз маошлари тўғрисида бемалол маълумот алмашишлари керак. “Ҳамма ўз маоши ҳақида гапиради”, – деди у. “Янги авлод бу борада жуда очиқ, шунинг учун адолатли бўлишга ишонч ҳосил қилинг.”