Байденга шармандали тарзда истеъфога чиқиш таклиф қилинди

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден учун, Афғонистонда содир бўлган воқеадан сўнг, истеъфога чиқиш вақти келди, деди Американинг собиқ раҳбари Доналд Трамп. Тегишли баёнотни Твиттерда унинг вакили Лиз Харрингтон тарқатган.

“Байденга Афғонистонда йўл қўйган хатолари, (мамлакатимиздаги) COVID-19 тўлқини, чегарадаги фалокатлар, энергетик мустақилликнинг қулаши ва иқтисодиётимизни издан чиқаргани учун шармандали ҳолда истеъфога чиқиш вақти келди “, – деди Трамп.

Аввалроқ, у Байденнинг Афғонистондаги ҳаракатлари тарихдаги энг катта мағлубиятлардан бири сифатида қолишини айтган эди.

16 август, душанба куни АҚШ Қобулдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни якунлади. Бу ҳақида Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс маълум қилди.

Бундан олдинроқ, Давлат департаменти ва Пентагон қўшма баёнотида, Америка қўшинларининг Афғонистондаги миқдори 48 соат ичида олти минг кишига етказилиши айтилганди.