Байденнинг вакили Болсонарони сайловларга путур етказмасликка чақирди

АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Бразилиянинг ўта ўнг президенти Болсонарога “сайловларга путур етказмаслик” тўғрисида Вашингтондан хабар олиб келди.

Рейтерс агентлигига ушбу масала ҳақида яхши хабардор бўлган манба, Байден маъмурияти Болсонаронинг Бразилиядаги электрон овоз бериш тизимидаги асоссиз фирибгарлик ҳақидаги даъволари ва агар тизим ўзгармаса, келаси йилги сайлов натижаларини қабул қилмаслик таҳдиди билан боғлиқ хавотирни кўтарганини тасдиқлади.

Болсонаро бир неча ҳафта давомида Бразилияда қўлланиладиган электрон овоз бериш машиналарининг қўлланилишига қарши чиқди ва босма квитанцияларни овоз берганлик бўйича қабул қилишга ундади. Унинг таъкидлашича, агар сайлов натижалари баҳсли бўлса, босма овоз қоғозларини қайта ҳисоблаш мумкин бўлади.

Танқидчиларнинг айтишларига қараганда, Болсонаро, унинг иттифоқдоши, АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп сингари, келаси йилги сайловларда ютқазишидан қўрқиб турибди.

Унинг обрўси, айниқса, мамлакатда ўтказилган сўровларга кўра, COVID-19 қурбонлари сони бўйича иккинчи ўринда турган давлат мақомидаги Бразилияда тушиб кетган.

АҚШ делегацияси Бразилия институтларининг 2022 йилда адолатли ва эркин сайловлар ўтказа олишига ишончини билдирди, дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Салливан, шунингдек, нафақадаги армия генераллари ва Болсонаронинг яқин ёрдамчилари бўлган мудофаа вазири Валтер Брага Нетто ва президент хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Августо Хелено билан ҳам учрашди.

Инқироз кучайиб бораётган бир пайтда Болсонаро, ҳатто баъзи иттифоқчиларининг Олий суд билан сайлов ўтказилиши борасидаги жанжалини тўхтатишга чақирувларини ҳам эътиборсиз қолдирди.