Биринчи марта Facebook ўз платформасида пуллик фильм намойиш этади

Axios саҳифасининг хабар беришича, Facebook платформаси тез орада ўз томошабинларига тўлов эвазига тақдим этадиган биринчи фильмини намойиш этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Сайт маълумотларига кўра, “The Outsider” деб номланадиган фильм, 19 -август, EST соат 20:00 да жонли эфирда намойиш этилади ва 3,99 доллар эвазига оммага тақдим этилади.

Юқорида айтиб ўтилган ҳужжатли фильм Манхеттендаги 11 сентябрь музейи ҳақида ҳикоя қилади ва уни 100 мамлакатдаги Facebook фойдаланувчилари кўришлари мумкин бўлиши тахмин қилинмоқда.

Фильм режиссёри Стивен Розенбаум шундай деди: “Мақсад – ҳозирча каттароқ аудиторияни жалб қилиш учун нархни паст даражада ушлаб туриш. Facebook ҳар доим жонли кўрсатувлар ва жонли воқеалар уйи бўлган, лекин бу платформада биринчи марта пуллик фильм намойиш қилинмоқда”.