БМТ гуманитар ёрдам гуруҳларига қўшилди

БМТ агентликлари толибларнинг мамлакат ҳудудларини тезлик билан эгаллаши аҳолининг оммавий кўчишига ва Афғонистонда гуманитар фалокат юз беришига олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар агентлиги май ойидан буён ўз уйларини ташлаб кетган 250 мингдан ортиқ одамларнинг 80 фоизини аёллар ёки болалар ташкил этишини маълум қилди.

Кўпчилик пойтахт Қобулга ёки бошқа йирик шаҳарларга қочиб борган, лекин улар тунни очиқликда ўтказишмоқда.

Save the Children ҳайрия ташкилотининг ҳисобига кўра, сўнгги бир неча кун ичида Қобулга 72 минг нафар болалар қочиб келган. Ташкилотининг айтишича, Қобулдаги кўплаб ёшлар кўчаларда, чодирларда, паркларда яшашмоқда ва ухлашмоқда. Озиқ-овқат махсулотлари етишмаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси матбуот котиби Женс Лаэркенинг сўзларига кўра, қочқинлар “очиқ осмон остида, паркларда ва жамоат жойларида” яшашга мажбур бўлмоқдалар.

Қатор мамлакатлар Афғонистонга ўз фуқароларининг чиқиб кетишига ёрдам бериш учун қўшимча қўшинлар юбораётган бир пайтда, БМТнинг 320 нафар ходими мамлакатда ҳозирча қолиши айтилди.