БМТ «Ислом Амирлигини тиклаш» ни қўллаб-қувватламайди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонда «Ислом Амирлигининг тикланишини» қўллаб-қувватламайди.

«Хавфсизлик Кенгаши аъзолари, Афғонистон бошчилигидаги кенг қамровли тинчлик жараёни орқали барқарор тинчликка эришиш мумкинлигини тан олдилар», – дейилади баёнотда. Афғонистонда адолатли ва реал сиёсий ирода можарони тугатиши мумкинлиги қўшимча қилинди.

«Хавфсизлик Кенгаши аъзолари 2020 йилда қабул қилинган 2513 -сонли резолюцияни эсга олишди, можарони ҳарбий йўл билан ҳал этиш имкони йўқлигини яна бир бор тасдиқладилар ва Ислом Амирлигини тиклашни қўллаб-қувватламасликларини эълон қилишди», – дейилади хабарда.

Хавфсизлик Кенгаши, шунингдек, тинч аҳолига, БМТ ходимларига ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноларига қилинган ҳужумларни қоралаб, бундай ҳужумлар «уруш жиноятларига тенглаштирилиши мумкинлигини» таъкидладилар ва барча томонларни «ҳар қандай ҳолатда ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга» чақирди.