Boeing да тартибсизлик давом этмоқда

Аэрокосмик-титан корхона бўйлаб катта техник хатоларга йўл қўйиб, адашган йўлидан чиқа олмаяпти.

Муҳим хулосалар:

  • Парвозларни синовдан ўтказишда аниқланган муаммолар ва дастурий таъминот тизимларидаги камчиликларни ҳал қилишдаги сусткашлик 777Х ни етказиб беришда яна кечикишга олиб келиши мумкин.
  • Boeing ишлаб чиқаришдаги камчиликларни аниқлагани туфайли ўтган йили 787 ни етказиб беришни бир неча бор тўхтатишга мажбур бўлди.
  • Starliner экипажли капсуласи учун режалаштирилган яна бир синов парвозини бекор қилишга мажбур бўлган Boeing сўнгги ойда яна бир муваффақиятсизликка учради.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Федерал Авиация Маъмурияти (FAA) 20 ойдан сўнг Boeing 737 МАХ самолётларини учирмаслик бўйича буйруғини бекор қилди. Бу аэрокосмик гигантга йил охиригача энг кўп сотилган моделини етказиб беришни тиклашга имкон берди.

Узоқ сабр қилган Boeing акциядорлари бу босқич бир марталик “бахтсиз эпизод”га барҳам беришига умид қилишганди. Афсуски, 2021 йилда корхонада янги муаммолар пайдо бўла бошлади, бу эса раҳбариятга бўлган ишончни янада пасайтирди. Boeing ўз фаолиятини яхшиламагунча, инвесторлар, эҳтимол, компаниядан узоқроқ юрсалар керак.

Ҳозирда 737 МАХ ни етказиб бериш қайта тикланган бўлсада, Boeing нинг кенг корпусли самолётлар оиласи унинг маҳсулотлар қаторидаги янги заиф нуқтаси сифатида эътироф этиляпти. 747 моделини ишлаб чиқариш келаси йили якунланади. Boeing ўзининг навбатдаги энг йирик 777 моделини ишлаб чиқаришни ойига иккитагача қисқартиришга мажбур бўлди.

Кейинги авлод 777Х модели катта йўловчи самолётларга бўлган талабни қайта тиклаши керак эди. Бироқ, самолётларни етказиб бериш, дастлаб 2020 йилга режалаштирилган бўлсада, шу йилнинг бошида, аниқланган айрим камчиликлар туфайли, 2023 йилнинг охиригача қолдирилди. Энг ёмони, 2023 йилгача ҳам мақсадга эришиш имконсиз бўлиши мумкин. FAA яқинда сертификатлаштириш жараёнини секинлаштирди, чунки Boeing ўтган йилнинг декабрь ойида дастлабки парвоз синовларида аниқланган муаммоларни тўлиқ ҳал қилмаган. Ва 777Х моделини ишлаб чиқариш дастури расман ишга туширилгандан саккиз йил ўтгач ҳам, Boeing бу турдаги самолётлар учун саккизта мижоздан тасдиқланган буюртма олган холос.

Айни пайтда, 787 Dreamliner ишлаб чиқарилишида ҳам бир қатор хатоларга дуч келинди. Boeing ўтган йили вақти-вақти билан ишлаб чиқаришдаги янги камчиликларни аниқлаб, моделни етказиб беришни қайта-қайта ортга суришга мажбур бўлди. Корхона биринчи чоракда атиги иккита 787 ни етказиб берди ва апрель ойида ўз ишини тиклай бошлагач, май ойида етказиб беришни яна тўхтатишга мажбур бўлди. Саноат гиганти 787 моделини ишлаб чиқаришни қисқартириб, сифат назорати бўйича муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

Қизиғи шундаки, Boeing нинг 767 модели 2021 йилдаги энг барқарор кенг корпусли модели бўлди. Бироқ, янги эмиссия қоидалари Boeing ни 2028 йилгача 767 тижорат вариантларини ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур қилиши мумкин.

Космик дастурдаги яна бир муваффақиятсизлик

Афсуски, фуқаролик авиацияси бизнеси муаммолар билан курашаётган компаниянинг ягона дарди эмас. Boeing шу ой бошида, қўзғалиш тизимидаги 13 клапан очилмай қолгач, Халқаро космик станцияга учадиган Starliner режали синов парвозини бекор қилишга мажбур бўлди.

Starliner нинг ўтган йилги биринчи синов парвози дастурий таъминотдаги носозликлар туфайли муваффақиятсизликка учраганди. “Atlas V” ракетасига уланган ҳолда Starliner капсуласини тузатишга бир ҳафтадан кўпроқ вақт сарфлаганидан сўнг, Boeing яқинда муаммонинг асл сабабини аниқлаш ва бартараф этиш учун капсулани корхона асосий иншоотига қайтариш кераклигини тан олди.

Ҳар бир муваффақиятсизлик ортидан NASA Starliner дастуридан воз кечиш хавфи кучайиб бормоқда. SpaceX эса аллақачон NASA учун бир нечта муваффақиятли экипажли миссиялар бажариб берди.

Boeing нинг 787 ни ишлаб чиқаришдан тортиб 777Х ва Starliner яратиш жараёнидаги кенг тарқалган ижро муаммолари компанияга инвестицияларни жалб қилишни янада камайтиради. Бошқарув компанияни назорат қила олмаётганга ўхшайди, бу эса қўшимча харажатлар муаммосини келтириб чиқаради. Оддий қилиб айтганда, Boeing қимматли сармоя киритиладиган корхона бўлиши учун юқори технологияли саноат бизнесини юритиш асосларини ўзлаштириши керак бўлади.