CNN коронавирусга қарши эмланмай ишга келган 3 ходимни ишдан бўшатди

 Американинг CNN ахборот тармоғи хабар беришича, ўтган ҳафта у ўз ходимларидан уч нафарини иш жойига коронавирусга қарши эмланмасдан келгани учун ишдан бўшатган.

Ишдан бўшатиш ҳақидаги компаниянинг эслатмасида унинг президенти Жефф Цукер ходимларга компания бундай ҳолатларга мутлақо тоқат қилмаслигини ва офисга келиш ёки бошқа ходимлар билан ишлаш учун улардан эмланишни талаб қилишини айтган.

“Янгиликлар, спорт ва студияларда ишлайдиганларнинг ҳаммаси бундан буён эмланиши керак. Биз бу ҳақда бир неча ойдан бери аниқ айтиб келмоқдамиз, шунинг учун ҳеч қандай тушунмовчилик бўлмаслиги лозим”, дейилади эслатмада.

CNN хабар беришича, эмланганлик далилларини кўрсатиш энди иш жойига кириш учун расмий талабга айланиши мумкин.

Тармоқ Лос Анжелес, Вашингтон, Колумбия округи ва Атланта шаҳридаги ўз иш жойларида ниқоб тақишни жорий қилган.

Америка Қўшма Штатларидаги кўплаб компаниялар Ковид-19 ҳолатларининг қайта тикланиши ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг янги кўрсатмалари туфайли эмлаш, ниқоб тақиш қоидаларини ўзгартирди. Унга кўра, эмланганлар ҳам ниқоб тақишлари керак.