COVID-19 га қарши эмлашда етакчи давлат қайси?

Расмийларга кўра, Сингапур ўзининг 5.7 миллион аҳолисининг 80 фоизини COVID-19 га қарши тўлиқ эмлаган. Натижада у дунёдаги энг кўп “эмланган” мамлакатга айланди.

Бу кичкина шаҳар-давлат тўлиқ эмлаш бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эришиб, барчага яна бир бор ўрнак бўлмоқда.

Вакцинация даражаси юқори бўлган бошқа мамлакатлар қаторига аҳолининг 70 фоизидан кўпроғини эмлаган Бирлашган Араб Амирликлари, Уругвай ва Чили ҳам киради.

Январь ойида эмлаш кампаниясини бошлаган Сингапур асосан Pfizer-BioNTech ва Moderna томонидан ишлаб чиқарилган вакциналардан фойдаланган.

Расмийларнинг айтишича, мамлакатда Янги Йил байрамини нишонлаш каби йирик йиғилишлар қайта тикланади ва корхоналар фаолияти тўхтаб қолмаслигига ишонч ҳосил қилинади.

Сингапурликларга, шунингдек, ҳеч бўлмаганда, вирусни назорат қила олган мамлакатларга саёҳат қилишлари учун рухсат берилади.

Channel News Asia маълумотларига кўра, шанба куни Сингапурда 113 та янги инфекция ҳолатлари қайд этилган. Мамлакатда пандемия бошланганидан бери жами 67,171 та касаллик ва 55 та ўлим қайд этилган.