Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун нима қилиш керак?

Соҳа вакиллари таклифлари билан ўртоқлашди

Саволларга Нуробод туман Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси  Шоҳрух Эсанов жавоб берди. 

— Сиз фаолият юритаётган марказда энг талабгор давлат хизматлари қайсилар?

 — СТИР аниқлаш, Болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш, Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш, 20 кВт дан юқори бўлмаган электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш, Пенсия (нафақа) ҳақида маълумот билан боғлиқ хизматларга талаб юқори бўлиб турибди.

    — Олис қишлоқ аҳолисининг давлат хизматларидан қулай фойдаланишлари учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

    — Марказларнинг филиалларини кўпайтириш лозим. Чунки транспорт инфратузилмасидаги муаммолар сабаб кўплаб қишлоқ фуқароларининг туман марказига келиб-кетиши жуда қийин. Биламизки, ҳозирги кунда чекка ҳудуд аҳолиси интернетдан телефон орқали фойдаланмоқда. Шунинг учун давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш учун my.gov.uz тизимининг соддалаштирилган телефон намуналарини янада қулайлаштирилган тарзда ишлаб чиқиш юқори самара бериши мумкин.

     — Марказларда навбатларни юзага келмаслиги учун қандай чора қўллаган маъқул?

    — Ҳар бир марказда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчакларини ривожлантириш жуда муҳим. Бу тизим ҳозир барча марказларда ҳам ишлаётгани йўқ. Ваҳоланки, фуқаро навбатга турмасдан махсус қўлланма орқали ўзига зарур хизматни ўзи олиш имконига эга бўлади. Қолаверса, марказларда давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли ташкилотларнинг маслаҳат хоналарини ташкил этиш керак.

 —  Менинг инновацион ғоям…  

 — Маълумки, давлат хизматидан фойдаланган мурожаатчининг аризаси жавоби фуқарога почта тизими орқали юборилади. Шуни ҳар бир аризачининг ўз телеграм мессенжери орқали юбориш тизимини йўлга қўйиш лозим. Яшириш керак эмас, барча ҳудудларда ҳам почта жўнатмалари ўз вақтида етиб бормайди. Мазкур янгилик амалиётга жорий қилинса фуқаро ҳам вақтдан, ҳам нақтдан ютуши мумкин. Қолаверса, жавоб хати бир зумда мурожаатчининг қўлида бўлади.

Бундан ташқари, тиббий хизматларга бўлган талаб юқори. Шундан келиб чиқиб, бемор кишиларнинг ВТЭК хулосасини ҳамда ногиронлик гуруҳини олиш бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этиш тартибини жорий этишни таклиф қиламан. Бу ўз навбатида тиббиёт тизимидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш имконини ҳам беради. 

Сизда ҳам давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича ноёб таклифлар борми? Унда минбарга марҳамат!

Мансур Ҳасанов,
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.