Дельтанинг кўпайиши АҚШда янги карантинга олиб келмайди

Президент Жо Байденнинг Бош тиббий маслаҳатчиси доктор Энтони Фауси, якшанба куни, Дельта вариантидан келиб чиқадиган КОВИД-19 инфекциялари хавфи ортиб бораётганига қарамай, Қўшма Штатларда янги карантин жорий этилмаслигини айтди.

Дельта касалларининг кўпайиши бутун дунёни ларзага солмоқда. Илгари коронавирусни қисман бўлсада муваффақиятли жиловлаган Филиппин, Таиланд ва Ветнам сингари давлатлар одамлар тўпланадиган қайноқ нуқталарни қайта ёпишга мажбур бўлмоқда.

Баъзи давлатларнинг аҳолиси янги чекловларга қарши туришмоқда. Душанба кунидан бошлаб армия ходимлари Австралиянинг энг катта шаҳри Сидней полициясига ёрдамга келади ва тест натижалари мусбат бўлган одамлар изоляция қилинганлигини текширишади.

Инфекцияларнинг тўртинчи тўлқини билан курашаётган Францияда минглаб одамлар кетма-кет учинчи ҳафта жамоат жойларига кириш учун зарур бўлган мажбурий эмланиш тизимининг киритилишига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқдалар.

Фауси Қўшма Штатлар ўтган йилгидек яна “ёпилиши керак” деб ўйламаса ҳам, ABC телеканалида берган интервьюсида Дельта варианти тарқалишда давом этар экан, “вазият ёмонлашиши” ҳақида огоҳлантирди.