Elroy Air дрони оғир юкларни 480 км масофага етказиб бера олади

Elroy Air стартап лойиҳаси узоқ масофаларга юк етказиб бериш учун юк ташувчи дронни ишлаб чиқди. Тўлиқ автоном тарзда ишловчи Чапаррал дрони оғирлиги 226 кг гача бўлган юкларни 480 км масофага ташишга қодир. Чапаррал аккумуляторли электр тортишиш ва реактив двигатель, шунингдек юкларни тўлиқ автоматлаштирилган тарзда ташиш имкониятларини бирлаштирган гибрид ҳаракатлантирувчи тизимга эга.

Рақобатчилардан фарқли ўлароқ Elroy максимал парвоз масофасига эътибор қаратмоқда. Муҳандислар ҳам электр генератори, ҳам турбовалли реактив двигатель билан ишлайдиган гибрид қўзғалиш тизимини ишлаб чиқдилар. Бу тизим ёнилғи қуйишсиз 480 километр узоқликка парвозни ва 226 кг гача юкни кўтара олиш қувватини таъминлайди.

Elroy нинг иккинчи муҳим технологияси бу юкларни автоматик бошқариш тизимидир. GPS ва сезгир сенсорлар комбинацияси туфайли дрон автоматик равишда керакли юк ташиладиган контейнерни аниқлайди ва уни ўз танасига мустақил равишда бириктиради. Шундай қилиб, стартап лойиҳаси нафақат учувчиларни, балки юк ортувчиларни ҳам юк ташиш жараёнидан олиб ташлайди, натижада уларга тўланадиган маош ва суғурта пуллари тежалади.

Келгусида Elroy дронлари автоном тарзда ёнилғи бакини тўлдиришдан тортиб аккумуляторни зарядлаш ва оператор аралашувисиз юк ташиш рейсларини бажаришгача бўлган барча вазифаларни амалга ошириши мумкин.

Бундай мустақиллик, айниқса, ҳарбий секторда, етказиб бериладиган юк учувчи, экипаж ва қуруқликдаги ҳарбий ходимлар ҳаётига хавф туғдирганда, жуда фойдали бўлиши мумкин.