Фарғонанинг қадим пойтахти – Ахсикент

2000 йилларгача қадимги Фарғонанинг пойтахти, унинг жойлашган ўрни ва тарихий топографияси ҳақида илмий асосланган аниқ бир фикр йўқ эди. Фарғонанинг антик, илк ва ривожланган ўрта асрлар даври тарихи хронологияси ва даврлаштирилиши эса яқин йилларгача ишланмаган эди. Археологик топилмалар яқин йилларгача камида 200 йил доирасида даврлаштирилган.

1979 йилнинг куз ойларида махсус ташкил қилинган Ахсикент комплекс экспедицияси 2000 йилларнинг бошларигача Ахсикентда (Эски Ахси) кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб бориб, юқорида тилга олинган Фарғона қадимшунослигидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун зарур археологик материалларни қўлга киритди. Бу материаллар мавжуд илмий қарашлар ва ёзма манбалар билан қиёсий таҳлил қилиниб, Фарғонанинг қадимги ҳамда ўрта асрлар тарихи бўйича янги илмий хулосалар қилинди. Ахсикент экспедицияси ходимлари Москва, Санкт-Петербург ва дунёнинг ривожланган давлатлари – Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро конференцияларда қатнашиб, ушбу янгиликларни кенг илмий жамоатчилик муҳокамасидан ўтказдилар. Натижада, олиб борилган кенг кўламли ва машаққатли илмий тадқиқотлар натижаси ўлароқ, мавзу доирасида 3 та номзодлик диссертацияси ёқланди, 150 дан зиёд илмий мақолалар эълон қилиниб, ундан 30 га яқини хорижий давлатларнинг нуфузли журнал ва тўпламларида нашр қилинди. Шулар асосида 2013 йилда Ахсикент ва Фарғона водийсининг қадимги тарихига бағишланган фундаментал монография (“Ахсикет – столица древний Ферганы”. А.Анарбаев) нашр этилди.

Натижада, Фарғона археологиясида муаммо бўлиб келаётган даврлаштириш, хитой манбаларида тилга олинган шаҳарлар ва Фарғона давлатининг бош пойтахти локализацияси билан боғлиқ муаммоларга аниқлик киритилди. Илк маротаба милоддан аввалги III – милодий XIII асрнинг бошларигача бўлган даврга мансуб осори-атиқалар типологияси ва хронологияси ишлаб чиқилди ҳамда уларнинг бир ярим минг йиллик эволюцияси кузатилди. Жумладан, бундан 2100 йил аввал хитой, кейинчалик илк араб манбаларида тилга олинган Фарғона давлатининг бош пойтахти – Эски Ахси (Ахсикент) ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги маълум бўлди. Фарғона давлатининг ўзи эса бир неча мустақил давлатлар уюшмасидан иборат бўлиб, унинг сиёсий тузилиши конфедратив асосга қурилган. Шулардан бири Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, хитой йилномаларида “Эрши” деб аталган ва худди шундай топоним билан аталган шаҳар – ҳозирги Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Мингтепа ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги асосланган. IX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Фарғона шаҳри араб манбаларида “Ахсикат” номи билан тилга олинади. Лекин, ўша давр тангаларида то XI асрнинг ўрталаригача “Фарғона-Ахсикат” деб, иккита ном билан аталганлиги илмий изоҳланган. Мазкур даврда шаҳар майдони 400 гектардан ошиб, ўз даврининг мегаполисига айланади. Ахсикентда тайёрланган қуроллар “Дамашқ қиличлари” номи билан дунёга машҳур бўлиб, ғарбда Дамашқ, шарқда эса Хитой бозорларида сотилган. Ушбу маълумотлар асосида Республика илмий, илмий-оммабоп журнал ва газеталар саҳифаларида 50 дан зиёд мақолалар эълон қилиниб, кенг халқ оммасини узоқ ўтмишимиз тарихини ўрганишда қўлга киритилган янгиликлар билан таништирилди. Шу билан бирга, ушбу янгиликлар ҳақида Ўзбекистон телевидениесининг “Ўзбекистон”, “Маданият ва маърифат” ва “Дунё бўйлаб” каналлари орқали бир неча кўрсатувлар ва махсус фильмлар намоиш этилди.

2017 йил 16 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил қилиш бўйича 831- сонли қарори қабул қилинди. Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокимлиги 2018 йил баҳорда ЎзР ФА Археологик тадқиқотлар институтининг бир гуруҳ археологларини Ахсикент ёдгорлигида узлуксиз тадқиқотлар олиб бориш учун таклиф қилди. 2018 йилнинг охири – 2019 йилнинг бошларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Ахсикент ёдгорлигининг битта объекти (VIII)да Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Очиқ осмон остида музей” ташкил қилинди.

2019 йилнинг 28 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Ахсикентга ташриф буюриб, қилинаётган ишларни маъқуллади ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмаларни берди. Шу асосда тадқиқотлар олиб борилиб, 5 та янги объект (VIIIА, XI, XVIII, XIX, XXIV) “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрланди ва фундаментал тадқиқотлар доирасида муҳим кашфиётлар қилинди. Хусусан, биринчи шаҳристон ҳудудидаги XI ва XVIII объектларда Қорахонийлар даврига оид бой-бадавлат оилаларга тегишли маҳобатли турар-жой қолдиқлари очилди. Ушбу объектлардан Фарғона водийсида биринчи бўлиб XI – XII асрларга мансуб деворий расмлар топилди. Шарқий рабод ҳудудидаги XXIV объектда эса Қорахонийлар даврига оид пишиқ ғиштлардан қурилган маҳобатли турар-жой қолдиқлари топиб, ўрганилди. Ҳатто, бинонинг тагхоналари ҳам майда пишиқ ғиштлар ёрдамида геометрик шакллар билан безалган экан.

Шу билан бирга, геофизиклар билан биргаликда Ахсикент, Муғтепа, Қирқҳужра (қадимги Поп), Эйлатан ва Куюктепа ёдгорликларида тадқиқотлар олиб борилиб, янги кашфиётлар қилинди. Жумладан, милоддан аввалги 91–90 йилларда ҳозирги Наманган вилояти ҳудудида 10 баллга тенг кучли зилзила бўлганлиги аниқланди. Натижада, хитой манбаларида тилга олинган Фарғонанинг бош пойтахти Дайюань (Фарғона) ва Ючень (Эйлатан) шаҳарлари вайронага айланган. Худди шу даврда давлат тепасига келган Фарғона давлатининг янги ҳукмдорлари Муғтепа (Косонсой)да ўзларига янги қароргоҳ қуради. Натижада, сиёсий пойтахт Фарғона шаҳридан Гуйшуань (Муғтепа)га кўчирилади. Навбатдаги 8–9 балли кучли ер қимирлашлар милодий IV–V асрнинг бошлари ва 1620 йилда юз беради. Бунинг асорати Ахсикент, Култепа, Қирқҳужра, Муғтепа ва бошқа бир қатор ёдгорликларда кузатилди. Ушбу илмий янгиликлар нуфузли халқаро Scopus журналларда эълон қилиниб, мутахассис археолог, геолог ва геофизиклар муҳокамасидан ўтгач, кенг халқ оммасига етказиш учун маҳаллий журнал ва газеталар саҳифаларида берилмоқда.

Шунга қарамай, кейинги йилларда юқорида тилга олинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 831- сонли қароридан “руҳланиб” ёзилган бир неча рисолалар пайдо бўлди. Жумладан, 2018 йилда “Наврўз” нашриёти томонидан Тоҳиржон Қозоқовнинг “Ахси – Фарғона шаҳарларининг онаси” номли рисоласи нашр қилинди. Рисола икки қисмдан иборат: Ахсикент ва Ахси ҳақида (3-32-бетлар), “Бобурнома”даги географик ва топономик номлар (33-62-бетлар). Рисоланинг биринчи қисмида Ахсикат харобаси бўлмиш Эски Ахси (Ахсикент) ёдгорлигининг жойлашган ўрни ва унинг ўрганилиш тарихига қисқача изоҳ берилган. Сўнгра, Ахсикентда туғилиб, вояга етган шоир ва олимлар номлари тилга олинган. Кейин эса ёдгорликни ўрганган қадимшунослар ва уларнинг Ахсикент ҳақидаги фикрларига ўз муносабатини билдириб, қуйидагиларни ёзади: “Биз ўрганган маълумотларга кўра, Ахси, Ахсикат ва Ахсикент бу битта макон. XIX аср охири – XX аср бошларига келиб Ахсикентни ўрганган европалик шарқшунос ва археолог олимлар Ахсикент ёки Ахси деганда, фақатгина битта объектни назарда тутишган. У ҳам бўлса, бугунги Шаҳанд–Жомашуй йўли ёқасида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Эски Ахси археологик ёдгорлигидир”. Афсуски, ундай эмас, чунки, муаллиф бу ерда қадимги шаҳар билан археологик ёдгорликларни фарқига бормай, Эски Ахси ва Янги Ахси археологик ёдгорликларини турли хил шаҳарларга тааллуқли, деб тушунган кўринади. Агар муаллиф ҳозирги замон археологияси маълумотлари у ёқда турсин, ҳаттоки XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларидаги шарқшунос ва ҳаваскор ўлкашуносларнинг мақолаларини синчковлик билан таҳлил қилганда эди, у Ахсикатнинг қолдиқлари икки жойда мавжуд эканлигини билган, маҳаллий халқ Эски Ахси ва Янги Ахси топонимларини нега ишлатганлигини маъносига тушунган ва археолог Ю. Г. Чулановга бекордан-бекор туҳмат тошини отмаган бўларди.

Аслида, Ўзбекистоннинг қадимги шаҳарларини кўпчилиги ўз жойини давр ўтиши билан маълум кўринишда ўзгартириб турган. Жумладан, мўғуллар босқинигача Самарқанд – Афросиёб, Термиз –Эски Термиз, Урганч – Кўҳна Урганч, Қарши – Ерқўрғон ва Шуллюктепа ҳудудида бўлган. Лекин, жойини ўзгартиргани билан ушбу шаҳарларнинг номи ўзгармаган ёки улар бошқа шаҳарга айланиб қолмаган. Шунга ўхшаш ҳодиса Ахсикат мисолида ҳам юз берган. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, XIII асрнинг бошида Муҳаммад Хоразмшоҳ билан найман қабилалари сардори Қушлухон ўртасидаги ўзаро урушларда Шимолий Фарғонанинг қишлоқ ва шаҳарлари катта зарар кўради. Ахсикент (Эски Ахси) ёдгорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳам буни тўлиқ тасдиқлайди. Бизга маълумки, ёзма манбаларда Ахсикатни мўғуллар томонидан вайрон қилинганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Лекин, олиб борилган археологик тадқиқотлар шаҳар мўғуллар даврида вайрон бўлганлиги ҳақида гувоҳлик бермоқда. Натижада, Ахсикат юқорида тилга олинган шаҳарларга ўхшаб, ўз жойини ўзгартиради, холос. Ахсикат Бобур Мирзо даврида “Ахси” деб, аталган. Унинг харобалари маҳаллий халқ орасида “Янги Ахси” топоними билан аталиб, ҳозирда унинг кичикроқ қисми Яккайигит қишлоғи остида сақланган.

Бизга маълумки, ёзма манбаларда Ахсикатни мўғуллар томонидан вайрон қилинганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Ёзма манбалар асосан, Ўтрор, Бухоро, Самарқанд ва Урганч каби шаҳарларнинг мўғуллар томонидан босиб олиниши ҳақида батафсил маълумот беради. Лекин, Фарғона водийсининг мўғуллар томонидан босиб олиниши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Чингизхон Бухоро ва Самарқандни босиб олгач, Самарқандда туриб, Фарғонани қўлга киритиш учун, у ерга ўз аскарларининг бир гуруҳини юборади. Фарғона шаҳарлари мўғуллар отрядига қандай қаршилик кўрсатганлигини ҳам билмаймиз. Агар Ахсикат ушбу даврда вайрон қилинмаган бўлса, унда XIII асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳрда юз берган мўғулларга қарши норозиликларни бостириш даврида вайрон этилган бўлиши керак.

Буларни тасдиқовчи қуйидаги археологик далиллар мавжуд. Хусусан, Эски Ахси ёдгорлигининг 2 та объекти (XI, XVIII)да очилган Қорахонийлар даврига оид деворий расмлар билан безатилган маҳобатли турар-жойлар мўғуллар даврида вайрон этилганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу биноларнинг қисман пойдеворлари, ёниб улгурмаган ёғочлари ва деворий расмларга эга қатлам-қатлам сувоқ уюмлари сақланиб қолган, холос. Қазишмалар даврида XI–XII асрларга оид тангалар ва XII асрнинг охири – XIII асрни биринчи чорагига таълуқли сопол идишлар топилди. 2019 йилда Ахсикатнинг рабод қисмидаги XXIV объектда ҳам Қорахонийлар даврига мансуб маҳобатли турар-жой қолдиқлари топилди. Бинонинг асосий қисмидан биргина ташнав ва уюм-уюм пишиқ ғиштлар қолган. Лекин, пишиқ ғиштлардан қурилган тагхоналари яхши сақланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Эски Ахси ёдгорлиги ҳудудида олиб борилган қазишмалар даврида бирон-бир жойда Темурийлар даврига оид архитектура қолдиқлари топилмади. Бундай топилмалар 1980 йилларда Якка Йигит қишлоғи ҳудудида сақланиб қолган Янги Ахси ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотларда қўлга киритилган. Буни шу кунларда олиб борилаётган археологик қазишмалар ҳам тўлиқ тасдиқламоқда. Демак, Эски Ахси ва Янги Ахси топонимлари битта Ахсикат шаҳарининг турли даврларга оид харобаларига маҳаллий халқ томонидан берилган номлардир. Ҳозирги кунлардаги Ахси қишлоғи эса 1620 йилда юз берган 9 балли зилзиладан кейин шаклланган бўлиб, Ибрат тилга олган 15 та қишлоқнинг бири, холос. Унинг Эски Ахси ва Янги Ахси деб аталган археологик ёдгорликларга алоқаси йўқ.

Ҳозирги кунлардаги археология фани оддий маданий қатламлар асосида ҳам узоқ ўтмиш тарихимизни тиклашга қодир. Шунинг учун, археологик тадқиқотлар юқори малакали археологлар томонидан амалга оширилиши зарур. Шу муносабат билан, халқимиз орасида кенг тарқалган “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деган пурмаъно мақолни келтиришни жоиз деб билдик. Демак, ҳар бир археологик объект ҳақида сўз кетганда, юқори малакали мутахассис археологларнинг замонавий илмий тадқиқотларига таяниш керак. Аксинча, фундаментал илмий тадқиқотлар натижасини ўлкашунос ва ҳаваскор “археологлар” берган маълумотлардан фарқлай олмай, нотўғри хулосалар қилиш мумкин.

Абдулҳамид Анарбаев,

тарих фанлари доктори,

Водийнома журналининг 2-2020 сонида эълон қилинган мақола.