Германия ва Голландия афғонларни депортация қилмайди

Германия ва Голландия, мамлакатда хавфсизлик ҳолати тез ёмонлашаётганини тан олган ҳолда афғонистонлик бошпана сўровчиларни депортация қилиш ҳаракатларини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди.

Ўтган ҳафта Европа Иттифоқига аъзо олтита давлатлар ушбу масалани кун тартибига кўтарган эдилар. Толибон ҳаракатининг тезлиги Афғонистон ҳукумати ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларини ҳайратда қолдирди. Депортация қилишни тўхтатишни сўраган давлатлар қаторида Австрия, Дания, Бельгия ва Греция ҳам бор.

Голландия ҳукумати бошпана сўраган афғонларни олти ойгача депортация қилмаслигини айтди. Германияда эса бу жараён қанча давом этишига ҳали аниқлик киритилмаган.

Голландия адлия вазирининг ўринбосари Анки Брокерш Кнол парламентга йўллаган мактубида, Голландиянинг қарори Афғонистондаги “тез ёмонлашаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда” амалга оширилганини айтилган.

Германия ва Голландия энди Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Финляндия ва Швеция билан, шунингдек, яқинда Афғонистонга депортацияни тўхтатганликларини эълон қилган Норвегия билан бир қаторда турибди.

Июль ойининг бошида расмий Қобул барча Европа давлатларидан хавфсизлик кучлари Толибонга қарши курашаётган пайтда, келаси уч ой мобайнида афғонларни мажбурий депортация қилишни тўхтатишни сўраган эди.