Гўзал “Лотус” оёқлар ёҳуд даҳшатли одат келиб чиқишининг асл сабаби

Бу асрлар давомида миллионлаб хитойлик қизлар ва аёлларнинг оёқларини майиб қилиб қўйган, оғриқли амалиёт эди.

Кичкина “олтин лотус” оёқларига қизларнинг оёқ бармоқлари ва тўпиқларини синдириш ва уларни оёқ тагига мато билан қаттиқ боғлаш орқали эришилган. Бу яхшироқ ва ҳаловатли турмуш тарзи учун чипта дея баҳоланган.

“Умуман олганда, бу (оёқлар) эркакларни хушнуд этиш учун мавжуд бўлган. Уларни кичкина оёқлар ўзига жалб қилади, деб ўйлаганлар”, – дейди “Боғланган оёқлар, ёш қўллар” китобининг ҳаммуаллифи Лорел Боссен.

Аммо Боссеннинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бу одат жуда нотўғри талқин қилинган.

Унинг сўзларига кўра, оёқлари боғлаб қўйилган қизлар кутилганидек чиройли ҳаёт кечиришмаган, аксинча, қизлар, айниқса, 7 ёшидан бошлаб тўқиш ва қўлда бажариладиган ишлар амалга ошириладиган қишлоқ жойларда муҳим иқтисодий мақсад учун хизмат қилишган.

Оёқ боғлаш Хитойда жуда узоқ вақт давом этди, чунки бу аниқ иқтисодий мақсад учун хизмат қилар эди: бу ёш қизларнинг жим ва тик ўтиришларини таъминлаш ҳамда иплар, матолар, матлар, пойабзал ва балиқ овлаш тўрлари каби оилаларга даромад келтирадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ёрдам беришнинг бир усули эди.

Боссеннинг айтишича, аёллар ўз оёқлари ҳақида гапиришдан ёки кўрсатишдан уялишмаган.

Монреалдаги Макгилл Университети антропология профессори бўлмиш Боссен ва Марказий Мичиган Университетида худди шу лавозимни эгаллаган Ҳилл Гейтслар Хитой қишлоқларидаги “лотус” оёқли 1800 нафардан охирги авлод кекса аёллари билан ушбу амалиёт қачон ва нима учун камайишни бошлаганини аниқлаш мақсадида суҳбатлашдилар.

Улар шуни аниқладиларки, уйда мато каби буюмлар ишлаб чиқариш иқтисодий маънога эга бўлган жойларда оёқларни боғлаш энг узоқ давом этган ва бу ҳудудларда корхоналарда ишлаб чиқарилган арзонроқ муқобил маҳсулотлар пайдо бўла бошлаганидан кейингина камая бошлаган.

Оёқларни мажбурий равишда боғлаш Сун сулоласига (960-1279) тегишли бўлиб, амалиёт сарой доираларидан бадавлат элиталарга ва охир-оқибат шаҳардан қишлоққа тарқалган. 19-асрга келиб “лотус” оёқлар бутун Хитойда одатий ҳолга айланди.

Ушбу одат 20 асрнинг бошларида таназзулга учради. Унинг йўқ бўлиб кетиши миссионерлар ва ислоҳотчилар томонидан олиб борилган мафкуравий кампаниялар ва кейинчалик бу ҳаракатни тақиқлаш учун коммунистлар томонидан амалга оширилган миллий ҳаракатлар сабаб бўлди.