Ҳарриснинг айтишича, Хитой Жанубий Хитой денгизига даъволарини кучайтирмоқда

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис сешанба куни Пекинни Жанубий Хитой денгизидаги ноқонуний даъволарни кучайтириш учун мажбурлаш ва қўрқитишда айблади. Бу унинг АҚШнинг хавфсизлиги учун муҳим бўлган Жануби-Шарқий Осиёга ташрифи чоғида Хитой ҳақидаги энг қаттиқ изоҳлари бўлди.

Сингапур ва Ветнамга қилган етти кунлик сафар Ҳарриснинг халқаро миқёсдаги иккинчи расмий ташрифи бўлиб, сафар чоғида у Хитойнинг ўсиб бораётган хавфсизлик ва иқтисодий таъсирига қарши туриш, Хитойнинг Жанубий Хитой денгизининг баҳсли қисмлари ҳақидаги даъволари бўйича хавотирларни бартараф этиш ва Вашингтон бу борада аниқ йўл кўрсатиши мумкинлигини исботлашга қаратилган.

Сингапурдаги нутқида Ҳаррис АҚШнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро қоидаларга асосланган минтақа бўйича нуқтаи назарини баён этди ва АҚШнинг Осиёга муносабатини мустаҳкамлашга интилди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар АҚШ, Хитой ва Россияни ўз ичига олган 21 аъзоли Осиё-Тинч океани савдо гуруҳининг 2023 йилги йиғилишини ўтказишни таклиф қилган.

Эътибор ва ресурсларни минтақага қаратиш президент Жо Байден маъмуриятининг марказий элементига айланди, чунки у АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ хавфсизлик муаммоларидан юз ўгирди.

“Биз биламизки, Пекин мажбурлашда, қўрқитишда ва Жанубий Хитой денгизининг катта қисмига даъво қилишда давом этмоқда”, – деди Ҳаррис ўз нутқида.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Венбин, Ҳарриснинг изоҳларига жавобан, Америка Қўшма Штатлари эришган “тартиб” улар “бошқа мамлакатларга қасддан туҳмат қилишлари, зулм қилишлари, мажбурлашлари ва қўрқитишлари ва умуман жавобгар бўлмасликлари” устида қурилганини айтди.

Хитой муҳим денгиз йўллари орқали ўтадиган ва газ конлари, бой балиқ овлаш жойлари бўлган сувлардаги сунъий оролларда ҳарбий постлар ўрнатди.

АҚШ ҳарбий денгиз кучлари баҳсли сувларда “навигация эркинлиги” операцияларини мунтазам ўтказиб туради. Бунга Хитой эътироз билдириб келади, чунки, расмий Пекиннинг таъкидлашича, операциялар тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам бермайди.

Ўтган ойда хитойлик юқори мартабали дипломат Қўшма Штатларни “хаёлий душман” яратишда ва эътиборни ички муаммолардан чалғитиб, Хитойга қаратишда айблади.

Сафар давомида Ҳаррис вазифасининг бир қисми минтақа етакчиларини АҚШнинг Жануби-Шарқий Осиёга бўлган мажбурияти қатъий ва Афғонистонга параллель эмаслигига ишонтириш бўлади.