Исроилнинг Pegasus жосуслик дастуридан Баҳрайнлик фаолларни кузатишда ҳам фойдаланилган

Citizen Lab тадқиқот гуруҳининг хабар беришича, Исроилнинг Pegasus жосуслик дастури 2020 йил ўрталаридан 2021 йил бошларига қадар тўққиз нафар баҳрайнлик фаолларнинг мобил алоқа воситаларини бузиб кирган.

Pegasus Исроилнинг NSO Group фирмаси томонидан яратилган айғоқчи дастурий таъминот бўлиб, у сўнгги ҳафталарда ўз технологиясидан репрессив режимлар фойдалангани учун оммавий ахборот воситалари ва сиёсий жанжаллар остида қолган эди.

Қурилмалари бузилганлардан уч нафари чап қанотли Вад партияси аъзолари бўлган, дейилади Торонто университетида жойлашган Citizen Lab томонидан эълон қилинган ҳисоботда.

Яна уч киши Баҳрайн Инсон Ҳуқуқлари Марказида ишлаган. Мамлакатда тақиқланган “Ал-Вефақ” шиа партиясидан бир нафар вакил ҳам дастур “зарба” сига учраган.

Охирги икки нафар жабрланувчилар қочқиндаги Баҳрайн диссидентлари бўлган.

Citizen Lab ҳисоботида Баҳрайн ҳукумати “таниқли жосуслик дастурларини суиистеъмолчиси” сифатида тасвирланган.

Баҳрайн ҳукумати вакилининг The Guardian нашрига айтишича, “бу даъволар асоссиз айбловлар ва нотўғри хулосаларга” асосланган.