Жосуслик айби билан отилган шифокор

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Совет Республикасидан борган 55 талаба орасида Баҳовуддин Аминжонов ҳам бўлган. Баҳовуддин 1904 йил Бухоро шаҳрида мударрис оиласида таваллуд топган. Отаси Аминжон Зиёвуддинов “Ёш Бухороликлар” партиясининг фаолларидан ва Бухоро тарихи билимдони бўлган, 1920 йил амирликнинг ағдарилиши натижасида вужудга келган БХСРда қатор нуфузли вазифаларда ишлаган. Баҳовуддин Берлин университетининг тиббиёт факультетида ўқиган, бошқа талабалар ўртасида иқтидорлилиги билан ажралиб турган. Ўша пайтда Туркистонда сил каби юқумли касалликлар авж олиб кетган, совет давлатида эса унга қарши кураш учун на пул, на тиббий муассасалари бор эди. Шунинг учун Баҳовуддин Туркистон матбуотининг тўнғичларидан бўлган “Ер юзи” журналидаги ўз чиқишларида инсон соғлиғи учун энг зарур ва энг камхарж йўл сифатида жисмоний тарбия масаласини илгари сурган.

1928 йилда совет ҳукумати Баҳовуддинга ўқиш учун стипендия беришни тўхтатгач, у туркистонлик талабаларнинг етакчилари Аҳмад Наим, Саттор Жаббор, Саид Али Хўжалар билан маслаҳатлашиб, Польша элчихонасидан ўқишини тугатиши учун ёрдам сўраган. Буни СССРнинг Германиядаги ваколатхонасидан яширишга қарор қилишган. Чунки ўша пайтда СССР ваколатхонаси талабаларни кузатувга олиб, уларни таълимни тугатмасдан қайтариб юбориш учун барча чораларни кўраётган эди. Баҳовуддин 1929 йил январь-февраль ойларида Варшавада бўлиб, Польша ҳукуматидан ёрдам олишга эришган. Лекин Берлинга қайтганида совет маъмурлари уни куч билан Ўзбекистонга қайтариб юборган. СССРга қайтган Баҳовуддин 1931 йил Ўрта Осиё тиббиёт институтида ўқишини якунлаб Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясига ишга кирган. 5 йилдан сўнг ишдан олиниб Тошкентга юборилган. У ердаги Республика тубдиспансерида иш бошлаган.

1937 йил 24 январь куни 33 ёшли Баҳовуддин Аминжонов “1922-29 йилларда Германия ва Польшада ўқиган, “Мустақил Туркистон” аксилсовет ташкилотининг аъзоси, Польша разведкаси жосуси” деган туҳматлар асосида қамоққа олинган. 1938 йил 9 октябрь куни бўлган “учлик” суди атига 15 дақиқа давом этган. Баҳовуддин Аминжоновга ўлим жазоси тайинланган ва ҳукм ўша куниёқ ижро этилган. 1961 йил 18 апрелда СССР Олий Суди Баҳовуддин Аминжонов асоссиз айбланган, дея уни тўлиқ оқлаган.

Телеграмдаги @unutilgan_tarix каналидан олинган.