Канада қўшимча афғон қочқинларини қабул қилишга тайёр

Канада иммиграцияси агар сўралса, Қўшма Штатлар ёки бошқа иттифоқчилар номидан қўшимча афғон қочқинларини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Канада Иммиграция Вазири Марко Мендитсино берган интервюсида “Биз барча имкониятлар учун эшикни очиқ сақлашимиз керак”, деб тушунтирди.

“Агар миссия давомида коалицияга аъзо давлатлар кучларига ёрдам берган ва бизнинг гуманитар кўчириш дастуримиз мезонларига жавоб берадиган афғонлар бўлса, менимча, биз бундай келишувни кўриб чиқишга тайёр бўлишимиз керак”, – дея қўшимча қилди у.

“Рейтерс” маълумотларига кўра, Канада йиллар давомида Афғонистонда Ғарб миссияларини қўллаб-қувватлаган афғон фуқароларини эвакуация қилишга уринаётган давлатлар коалицияси таркибига киради.

Эслатиб ўтамиз, Канада 2011 йилда Афғонистондан ўз кучларининг асосий қисмини олиб чиққан, бироқ 2014 йилгача Афғонистон армиясини ўқитиш бўйича НАТО миссиясида қатнашган.