Коинотни чиқиндилардан тозалашга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда

2009 йилда Россиянинг ишдан чиққан сунъий йўлдоши Иридиум корхонасига тегишли сунъий йўлдош билан тўқнашиб кетди. Ушбу фалокат космик саноат учун огоҳлантириш бўлди. Ернинг паст орбитасида тахминан, инсон бош бармоғи катталигидан кичикроқ ўлчамларда 130 миллион донадан ортиқроқ коинот чиқиндилари бор. Улар соатига 17000 миль (27360 км) тезликда ҳаракатланиб, космик ускуналарга зарар етказиши мумкин.

Паст орбитадаги чиқинди Халқаро космик станция учун доимий хавфга айланди. Май ойида у ердаги космонавтлар станциянинг улкан робот-қўлидаги тешикни топиб олдилар. Яхшиямки, “қўл” ҳали ҳам ишламоқда, бу сафар унга катта зарар етмаган.

“Ҳарбий ҳаво кучлари, Космик кучлар, паст орбитадаги қолдиқларни доимий равишда кузатиб туради”, – деди космонавт Майк Ҳопкинс апрель ойида Космик станцияда бўлганида. “Баъзан биз Станцияни кўчиришга мажбур бўламиз, баъзида эса бунга эҳтиёж бўлмайди. Биз у ерда доимий хавотирдамиз.”

Агар ХКСни кўчиришга вақт бўлмасачи? Очиқ коинотда бошқа америкаликларга қараганда кўпроқ вақт ўтказган космонавт Пегги Уитсоннинг сўзларига кўра, “Сиз дарҳол бошпана топишингиз, қутқарув капсулангизга ўтиришингиз ва станциядан қочишга тайёр туришингиз керак.”

Кўпгина мутахассислар сингари, Баффало университети профессори Жон Крассидис ҳам Кесслер синдромининг юз беришидан хавотирда. Жон “Доналд Кесслер 1978 йилда НАСА да муҳандис бўлиб ишлаган. У қолдиқлар бошқа қолдиқлар билан тўқнашишини тахмин қилган. Тўқнашув эса янада кўпроқ қолдиқларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ўйлайманки, 50 йилдан кейин, агар ҳозир бирор нарса қилмасак, тўқнашув эҳтимоли шунчалик катта бўладики, коинотга сунъий йўлдошларни чиқариш ҳам хатарли бўлиб қолади. Биз Албатта, бундай бўлишини хоҳламаймиз” деди.

Жондан “чиқиндиларни тозалаш бўйича қандай таклифлар борлиги” ҳақида сўралганда, у қуйидагича жавоб берди. “Ҳозир жуда кўп таклифлар бор. Афсуски, уларнинг ҳеч бирини амалга ошириш мумкин эмас”, – деди Крассидис.

Лекин бу одамлар ҳаракат қилмаяпти дегани эмас. 2018 йилда RemoveDEBRIS деб номланган Европанинг экспериментал сунъий йўлдоши “сохта” қолдиқни тўрга муваффақиятли туширди ва Astroscale номли стартап лойиҳаси космик чиқиндиларни тозалаш учун бир қанча ёндашувларни ишлаб чиқди.

“Ҳеч биримиз бу осон бўлади деб ўйламаймиз, лекин ҳаммамиз буни амалга ошириш кераклигини биламиз”, – деди Astroscale операцион директори Крис Блекерби.

Март ойида компания ELSA-D деб номланган сунъий йўлдошни учирди, у махсус магнит пластинка билан жиҳозланган бўлиб, космик чиқиндиларни ушлаш учун мўлжалланган. Яқинда у “сохта”, ишдан чиққан сунъий йўлдошни тутиб олишга ҳаракат қилади.

“Биз ҳеч қачон барча чиқиндини йўқ қилиб ташлай олмаймиз. Аммо бу қадамларни бажариш орқали келажакда орбитадаги операциялар хавфини сезиларли даражада камайтиришимиз мумкин деб ўйлаймиз”, – деди Блекерби.

Иридиум бошқарувчи директори Матт Деч бу ҳаракатларга ишонмайди. “Технология ёрдам бериши мумкин. Афсуски, у тез орада ёрдам бера олмайди ва “катта” ёрдам бера олмайди…”, – деди у.

Айни пайтда, асосий сунъий йўлдош ҳаракатланиш йўллари янада гавжум бўлиши кутилмоқда. Элон Маскнинг Старлинк сингари компаниялари бутун дунё бўйлаб Интернет хизматини тақдим этиш учун мўлжалланган минглаб майда сунъий йўлдошлар мега-туркумларини ишга туширмоқда.