Коронавирусга қарши эмлаш мажбурий қилинган давлатлар

Жуда юқумли Дельта варианти туфайли янги коронавирус инфекциялари сонининг кескин ортиши ва эмлаш даражаларининг пасайиши оқибатида ҳукуматлар тиббиёт ходимлари ва бошқа хавф остидаги гуруҳлар учун COVID-19 га қарши мажбурий эмлашни татбиқ қилишларига тўғри келди. Қуйида дунёнинг қайси давлатларида мажбурий вакцинация амалга оширилаётганини билиб олишингиз мумкин.

Австралия

Июнь ойи охирида Австралия меҳмонхоналар ишчилари, юқори хавф гуруҳига кирувчи қарияларга ғамхўрлик қиладиган ходимлар учун COVID-19 га қарши эмланишни мажбурий қилишга қарор қилди.

Буюк Британия

Октябрь ойидан бошлаб Англиядаги ёши катта беморлар ва қарияларни парваришлаш уйлари ишчилари учун коронавирусга қарши эмланиш мажбурий бўлади. Тунги клублар ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа жойлар, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойларида сентябрь ойининг охиридан бошлаб ташриф буюрувчилардан тўлиқ эмланганликни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

Канада

Канада Ғазначилик кенгаши котибияти 20 июль куни COVID-19 га қарши эмлаш федерал ҳукуматнинг баъзи аъзолари ва лавозимлари учун зарурий бўлиши кераклигини кўриб чиқаётганини айтди, деб хабар беради CBS News.

Франция

Франция парламенти 2 августда COVID-19 га қарши эмлашни тиббиёт ходимлари учун мажбурий, шунингдек, кўплаб ижтимоий ва аҳоли тўпланадиган жойларда эмланганлик гувоҳномасини талаб қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳукумат 19 июлда ходимлар ва мижозларнинг гувоҳномалари борлигини текширмаган корхона ва муассасаларни 45000 еврогача (53 456 доллар) жаримага тортиши мумкинлигини айтди.

Юнонистон

12 июль куни Юнонистон қариялар уйлари ходимлари ва сентябрдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун эмлашни мажбурий қилди. Янги чоралар доирасида фақат эмланган мижозларга ёпиқ жойларга, бар, кинотеатр, театр ва бошқа муассасаларга киришга рухсат берилади.

Индонезия

Индонезия февраль ойида COVID-19 га қарши эмлашни мажбурий қилди. Пойтахт Жакартада эмланиш рад этганлик учун 5 миллион рупиягача (357 доллар) жарима тўлаш жазоси амалга киритилди.

Италия

Италия ҳукумати март ойида тасдиқлаган фармонга кўра, тиббиёт ходимлари, шу жумладан, фармацевтлар ҳам эмланади. Рад этганлар йил охиригача иш ҳақи сақланмаган ҳолда ишдан четлатилиши мумкин.

Венгрия

“Венгрия ҳукумати тиббиёт ходимлари учун эмлашни мажбурий қилишга қарор қилди”, – деди 23 июль куни бош вазир Виктор Орбан.

Қозоғистон

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 июнь куни Қозоғистонда 20 дан ортиқ тоифадаги шахсларга нисбатан мажбурий COVID-19 вакциналари ёки ҳафталик тестларни жорий этишини маълум қилди.

Ливан

“Ливан ресторанлар, кафелар, барлар ва пляжларга эмланиш бўйича сертификати бўлмаган ёки коронавирус тестини топширмаганларга киришни чеклаб қўяди”, – дея баёнот берди 30 июль куни Туризм вазирлиги. Бу муассасаларнинг эмланмаган ходимлари ҳар 72 соатда ПЦР текширувидан ўтишлари шарт.

Мальта

Мальта 14 июлдан бошлаб ташриф буюрувчиларга, агар улар тўлиқ эмланмаган бўлсалар, мамлакатга киришни тақиқлаган.

Польша

Польша августдан бошлаб хавф гуруҳига кирувчи баъзи тоифадаги фуқаролар учун эмлашни мажбурий қилиши мумкин.

Россия

Moscow Times ахборот хизматининг хабар беришича, Россия ҳукумати пойтахтда хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча ишчиларнинг 60 фоизини 15 августга қадар тўлиқ эмлашни талаб қиладиган режани эълон қилди.

Саудия Арабистони

Май ойида Саудия Арабистони ҳукумати барча давлат ва хусусий сектор ишчиларининг эмланишини буюрди. Шунингдек, 1 августдан бошлаб ҳар қандай давлат, хусусий ёки таълим муассасаларига кириш ва жамоат транспортидан фойдаланиш учун ҳам эмланганлик талаб қилинади.

Туркманистон

Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 июль куни 18 ёшдан ошган барча фуқаролар мажбурий эмланишини маълум қилди.

АҚШ

АҚШ президенти Жо Байден 29 июль куни федерал фуқаролик ишчиларининг барчаси коронавирусга қарши эмланиши ёки мунтазам тестлар, ижтимоий масофа, ниқоб талаблари ва саёҳат чекловларига дуч келишларини маълум қилди. Нью Йорк шаҳри ресторанларга, спорт залларига ва бошқа ёпиқ жойларга киришлари учун мижозлар ва ходимлардан эмланганликни тасдиқловчи ҳужжат талаб қиладиган АҚШнинг биринчи йирик шаҳарига айланади.