Коронавируснинг янги варианти “энг кўп мутацияга учраган” деб эълон қилинди

Коронавируснинг Жанубий Африкада топилган янги варианти аллақачон Англияда ва Хитойда ҳам аниқланди.

Олимларнинг айтишича, ҳозирда бу янги вариант энг кўп мутацияга учраган тур ҳисобланади. “Юқори трансмиссивлик” билан боғлиқ  C.1.2 штамми юқиш эҳтимоли энг кўп бўлган тур ҳисобланади. Эспертларнинг баҳосига кўра, бу янги вариант қаршисида ҳаттоки вакциналар ҳам кучсиз қолиши мумкин.

Жанубий Африка инфекцион касалликлар миллий тадқиқот институти мутахассисларининг айтишича, янги мутант вирус Уханьда топилган илк вирусдан анча фарқ қилади. Daily Mail газетасининг ёзишича, вируснинг бу варианти илк кез олимлар томонидан май ойида Жанубий Африкада топилган ва ўша пайтдан бошлаб Англия, Хитой, Конго Демократик Республикаси, Маврикий, Янги Зеландия, Португалия ва Швейцарияда ҳам унга чалинган инсонлар аниқланган.

Тадқиқотлар пайтида олимлар пандемиянинг илк тўлқинида аниқланган С.1.штаммидан келиб чиққан штаммда мутациялар частотаси йилига тахминан 41,8 ни ташкил қилишини аниқлашган. Бу частота ҳозирги барча штаммлар частотасидан деярли икки баробар кўпдир.