Мамлакатдан чиқиб кетган Афғонистон президенти қизининг Нью-Йоркдаги ҳаёти муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

Афғонистонда аёллар Толибоннинг зулмкор ҳукмронлиги яна қайтарилишидан қўрқиб яшаётган бир вақтда, мамлакатнинг қочиб кетган президенти Ашраф Ғанининг қизи Нью-Йоркда ижодга тўла ҳаёт кечирмоқда.

42 ёшли визуал рассом ва кинорежиссёр Марям Ғани Толибоннинг аёллар ва қизларга нисбатан ҳукмронлигини ҳис қилмаган ҳолда Бруклиндаги уйида шоҳона ҳаёт кечиради.

Нашр уни сешанба куни, отаси мамлакатни Толибонга ва ўз фуқароларини экстремистик жангари гуруҳ назорати остига ташлаб чиқиб кетганидан бир неча кун ўтгач учратиб қолган.

У сокин ва баҳаво Клинтон тепалиги бағрида, ресторанлар ва Пратт институти ёнидаги ҳашаматли кооператив бинода жойлашган хонадони остонасида журналистнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Афғонистон раҳбари якшанба куни ўз яқинлари билан президент саройидан чиқиб кетди. Россиянинг Кобулдаги элчихонаси маълумотларига кўра, у тўртта машина ва вертолёт тўла пул билан қочиб кетган.

72 ёшли Ашраф Ғани ижтимоий тармоқдаги хабарида ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун қочганини айтиб, қуйидагиларни ёзган: “Агар мен қолсам, саноқсиз ватандошларим шаҳид бўлар ва Кобул олти миллион аҳоли учун вайронага айланарди”.

Сиёсатчилар ва экспертларнинг айтишича, унинг тўсатдан кетиб қолиши толибларга ҳокимиятни муаммосиз ўтказиш бўйича музокараларга тўсқинлик қилган ва Ғани ўз халқини бетартибликда қолдириб, жангарилар гуруҳининг шафқатсиз бошқаруви остига ташлаб қўйган.

Душанба куни Инстаграмда ёзган хабарида, Марям Ғани “Афғонистонда қолган оиласи, дўстлари ва ҳамкасбларидан хавотир олган, қайғурган ва жуда қўрққанини” ва “улар учун қўлидан келган барча нарсани қилиш учун астойдил ҳаракат қилаётганини” айтди.

Бруклинда туғилган ва Мерилендда вояга етган Марям отаси қаердалигини билиши ёки билмаслиги аниқ эмас. У отасининг сўнгги хатти-ҳаракатларига изоҳ бермади.