Марказий Осиёдаги энг баланд сув омбори

    Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўполанг сув омбори Марказий Осиёдаги энг баланд сув омбори ҳисобланар экан.

    Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида Сурхондарё вилояти “Тўполанг” ГЭСида олиб борилаётган модернизация ишлари билан журналистларни таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-турда бу ҳақда тўлиқ маълумот берилди.

    Сурхондарё вилоятининг сув салоҳиятида асосий 10 та дарёнинг сув ресурслари муҳим ўрин тутади. Фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4270 млрд. метр кубни ташкил қилади. Бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда Тўполанг сув омборлари ҳиссасига тўғри келади.

    Сув омбори 38 йил давомида қурилган. Сув тўғони бошқарувини Германиядан келтирилган ақлли техникалар амалга оширади. Бу ерда инсон омили иштирок этмайди. Вилоятда 5 та сунъий сув омбори мавжуд. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Тўполанг сув омборида олиб борилган қурилиш ишлари ўз муддатида муваффақиятли тугалланди. Сув омбори 500 миллион метр куб сиғимдаги сувни тўплаш имкониятига эга. Сув омбори тўғонининг узунлиги 187 метрни ташкил этади. Сув омбори қурилиши босқичма-босқич амалга оширилди. Дастлаб сув омбори 120 млн. метр куб сиғимдаги сувга мўлжалланиб, 1982 йилда қурилиш ишлари бошлаб юборилди, 2006 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 380 млн. метр кубга етказилди.

    Президентимизнинг 2017 йил 4 майдаги қарорига мувофиқ, сув омбори ҳажми 500 миллион м3 га етказилиб, 2019 йилда муваффақиятли якунланди. Тўполанг сув омбори тўғони баландлиги 20 метрга кўтарилди. Эндиликда сув омборида тўпланадиган 500 млн кубометр миқдордаги сув Сурхондарёда 103 минг гектардан ошиқ ер майдонини суғориш имкониятини яратди.

    Умуман, қурилиш ва модернизация ишларидан сўнг Сурхондарё вилоятидаги гидроэнергетик қувватлар, яъни экологик жиҳатдан тоза электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми жами 250 МВтга етказилади.