Машҳур италиялик уруш жарроҳи вафот этди

Италиялик қаҳрамон шифокор, ўз ҳаётини уруш қурбонларини даволашга бағишлаган Жино Страда 73 ёшида вафот этди.

Страда Афғонистон, Судан ва Ироқ каби зиддиятли ҳудудларда жаҳон стандартларига мос шифохоналарни ўз ичига олган ва беморларга бепул тиббий ёрдам кўрсатадиган «Emergency» нодавлат ташкилоти асосчиларидан бири ҳисобланади.

У бир мунча вақт юрак хасталигидан азият чекиб, Францияда вафот этди.

«Emergency» 1994 йилда Страда ва унинг рафиқаси Тереза Сарти ҳамкорлигида тузилган. Тереза 2009 йилда вафот этган. Ташкилот соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш ва парвариш стандартлари бутун дунёда ҳамма учун бир хил бўлиши керак, деган тамойилга амал қилади.

«Emergency» ҳозирда Афғонистонда фаолият юритмоқда. Шунингдек, ташкилотга тегишли жарроҳлик марказлари Эритрея, Ироқ, Сьерра-Леоне, Уганда, Яман ва Судан ҳамда Италия давлатларида ҳам мавжуд.

Страда ташкилот доирасидаги биринчи лойиҳасини Руандада бошлаган. Ўшандан бери «Emergency» бошқа турли 19 та мамлакатларда фаолият олиб борган.

Ташкилот Афғонистонда 1999 йилда иш бошлаган ва шу пайтгача мамлакатда 7 миллиондан ортиқ одамни даволаган.

Италия бош вазири Марио Драги омма олдида қилган баёнотида Страданинг “профессионаллиги, жасорати ва инсонпарварлиги”ни юқори баҳолади.

Европа парламенти президенти Девид Сассоли твиттерда “Инсонийлик маэстроси Жино Страда, алвидо!” деб ёзди.