Меҳнатим, илмим Она Ватаним тараққиётига хизмат қилса дейман

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университетига хорижий профессорлар билан бир қаторда хориж тажрибасига эга маҳаллий мутахассислар ҳам жалб этилган. Улар қаторида Жанубий Кореянинг Сежонг университети илмий тадқиқотчиси, Техника фанлари доктори профессор Элёржон Жумаев ҳам бор. 

Маълумот ўрнида, Элёржон Жумаев Жанубий Кореянинг Сежонг Университети, Америка Қўшма Штатларининг Питтсбург Университети, Oak Ridge Миллий Лабораторияларида фаолият олиб борган ва “Hyundai Motors” ва “Samsung Electronics” компаниялари билан биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширган.

Элёржон “Янги Ўзбекистон” Университетининг Кимё муҳандислиги факултетида дарс беришга ва факултет лабараториясида илмий фаолият олиб боришга таклиф қилинган. Унинг айтишича, университетда бу соҳани талабаларга мукаммал ўргатиш бўйича АҚШнинг Массачусеттс муҳандислик институти ва Германиянинг Мюнхен муҳандислик университетлари билан иш олиб борилмоқда. Университетдаги дарслар мазкур хорижий олийгоҳлар тажрибасига таянган ҳолда ташкил этилади. 

Профессор замонавий ва инновацион методикага таянган ҳолда дарс ўтишни афзал кўришини, яъни, назария билан биргаликда амалиётнинг ҳам жорий этилиши тарафдори эканлигини маълум қилган. Бунда асосан фундаментал билимларни шакллантиришда анимация ва презентацияларга таяниб талабаларга фанни реал ҳаётдаги мисоллар билан тушунтириб борилади. Бошқача қилиб айтганда, таълим олувчиларнинг замонавий фанларни 3D шаклда тушунишга замин яратилади. Бундан ташқари, талабалар мунтазам равишда фандаги кашфиётлар ва янгиликлардан хабардор қилиниб борилади.

Элёржоннинг маълум қилишича, Янги Ўзбекистон” университети платформаси нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликда шакллантирилаётгани биздаги таълим тизимига ўзгача “янги қон” кириб келаётганидан далолатдир. Университет асосан лаборатория ва илмий изланишга кўпроқ урғу бериши билан мутахассисни ўзига тортган. Шунингдек, у янги ташкил этилаётган тизим орқали мамлакатимиз равнақи учун зарур бўлган етук кадрларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшмоқчи.

Элёржоннинг юксак мақсади ушбу бир жумлада мужассам: Меҳнатим, илмим она Ватаним тараққиётига хизмат қилса дейман”.