Олмосдан мустаҳкам шиша яратилди

Хитойлик олимлар олмос каби қаттиқ ва яримўтказгич хусусиятига эга бўлган янги шиша турини яратдилар.

Углерод билан тажриба ўтказган хитойлик олимлар шишанинг жуда мустаҳкам турини ишлаб чиқдилар. Бу каби турдаги шишалар, хатто, олмос юзасига чизиқ тортиб қўйиши мумкин. Янги яратилган шаффоф материал ниҳоятда “кучли” бўлиб, у бир вақтда яримўтказгич вазифасини ҳам бажара олади. Мутахассисларнинг ушбу кашфиёти фотоэлектрик энергия соҳасида янги имкониятларни очиб беришига умид билдирилмоқда.

Янги шиша тури AM-III деб номланди. Агар олмосда атомлар ва молекулалар мукаммал панжара тузилишида жойлашган бўлса, AM-III нинг атомлари тартибсиз тузилишга эга.

Янги материал Виккерс чидамлилик синовида 113 ГПа баллга эга бўлди. Таққослаш учун: юмшоқ пўлат Виккерс тестидан тахминан 9 ГПа, табиий олмослар эса 70-100 ГПа натижа қайд этади.