Ўсмир учувчи бутун дунёни самолётда айланиб чиқмоқчи

Ушбу учувчи сайёрамизни самолётда айланиб чиққан энг ёш аёл сифатида тарих китобларига ўз номини муҳрлаб қўйишга умид қилмоқда.

19 ёшли Зара Резерфорд чоршанба куни Бельгиядаги Кортрижк шаҳридан уч ойлик саёҳатнинг биринчи босқичини амалга ошириш учун жўнаб кетди. У келгуси 12 ҳафта мобайнида 52 мамлакатга саёҳат қилади.

Дунёнинг энг машҳур аёл авиатори Амелия Эрхартдан илҳомланган ҳолда, ўсмир қиз ҳозирда дунё океанлари, чўллари ва ёввойи табиати бўйлаб тарихий саёҳатини бошлаб юборган.

“Мен Shark деб номланган самолётда учаман. Бу Европада ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга ультраенгил учоқдир. Унинг тезлиги соатига 300 километрга етади. Самолёт шундай узоқ сафарлар учун махсус тайёрланган”, – дейди Резерфорд.

Ёш учувчи ўз парвоз режаси давомида Нью-Йоркдаги ЖФК ва Дубай халқаро аэропортини ҳисобга олмаганда, дам олиш ва ёнилғи қуйиш учунгина кичик аэродромлар ва аэропортладан фойдаланмоқчи.

Заранинг парвозини жонли тарзда кузатиш учун FlyZolo (https://flyzolo.com/route/) сайтига ташриф буюришингиз мумкин.

Агар у парвозни муваффақиятли якунлай олса, Резерфорд дунёни якка ўзи айланиб чиққан энг ёш аёл мақомига эга бўлади. Албатта у энг ёш учувчи бўла олмайди, чунки бу “жой” аллақачон Буюк Британиялик 18 ёшли Тревис Лудлоу томонидан, шу йилнинг июль ойида бутун дунё бўйлаб парвозни амалга оширганидан сўнг банд қилиб қўйилган.