Озарбайжонлик маданият ходими Ўзбекистон ҳақида китоб нашр қилди

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик байрамига атаб, Озарбайжон Миллий мажлиси маданият қўмитаси раиси, депутат Қенире Пашаеванинг “Одим-одим Ўзбекистон” номли китоби нашрдан чиқди.

EDNews.net сайтининг хабар беришича,муаллиф ўз китобини Ўзбекистонга қилган сафарларидан илҳом олиб, Марказий Осиё ва умумий турк дунёсининг қадимий тарихи ва бой маданиятига эга ўлкаси бўлмиш ватанимиз ҳақида ўқувчиларга муфассал маълумот беришни ният қилган.

Китобнинг маслаҳатчилари Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулода ва мухтор элчиси Ҳусайн Алиев ва Ўзбекистон Ҳайдар Алиев номидаги озарбайжон маданият марказининг мудири Самир Аббасовлардир.

Янги асарнинг нусхалари озарбайжон маданият маркази томонидан ўлкамиздаги кутубхоналарга, олий ўқув юртларига, давлат ва ҳукумат раҳбарларига ҳадя сифатида берилади.

“Одим-одим Ўзбекистон” номли мазкур китобда Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги алоқалар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган озарбайжон маданият маркази, ўзбек маданияти, адабиёти, шаҳарларимиз, урф-одат ва анъаналар, туризм ва диний марказлар, Ўзбекистонлик машҳур озарбайжонлар ва муаллийнинг ватанимизга ташрифи ҳақида ҳикоя қилинади.