Ўзбекистонлик олимлар яратаётган “помидор-вакцина” бўйича фикр билдирилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази томонидан яратилаётган “помидор-вакцина” тўғрисидаги хабарни россиялик иммунолог, тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючков шарҳлади. Унинг айтишича, ейиладиган вакциналар устида тажрибалар ўтган асрнинг 90-йилларидан бошланган ва ҳозиргача “истиқболли саналгани учун” тажрибалар давом этмоқда.

У “фитовакцина”ларнинг 5 та ижобий томонини санаб ўтди:

1. Қулайлик, оғриқ йўқлиги. Игнада укол қилишга ҳожат қолмайди. Ейсану, қутуласан.

2. Ножўя таъсирлар кам – вакцинадан кейинги реакциялар оддий вакциналарникига нисбатан кам бўлади.

3. Эмлаш хоналари, тиббиёт ходимлари, стерилликни сақлаш ва бошқа шарт-шароитларга кетадиган ҳаражатлар қисқаради.

4. Сақлаш учун алоҳида музлатгичлар ва музлатгичлар билан жиҳозланган транспорт воситалари керак бўлмайди.

5. Ишлаб чиқариш арзонга тушади. Биореакторларда ёки бошқа ускуналар ёрдамида ишлаб чиқариладиган вакциналардан камроқ харажат талаб қилади.

“Ўсимликлар табиатан ҳимоя қобиғига эга, шу боис ҳам вакцина организмга табиий биокапсулада тушади. Шу боис ҳам иммунитет ишлаб чиқариши керак бўлган оқсиллар овқат ҳазм қилиш тизимининг юқори қисмида сўрилмайди, балки чуқурроқ кириб боради, бу ҳам бўлса ушбу вакцинанинг яна бир ижобий томонидир”, – дейди мутахассис.

Ҳозирда дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам истеъмол қилинадиган вакциналарни яратиш бўйича тажрибалар давом эттирилмоқда. Аммо ҳали бирорта ҳам бундай вакцина клиник амалиётда қўлланилмаяпти. Ўзбекистон олимлари дунё илмий жамоатчилик билан баравар қадам ташлаётгани қувонарли. Тадқиқотлар давом этмоқда.