Ўзбекистонлик ўқувчилар 2006 йилдан буён илк бор АҚШга FLEX дастури бўйича кетмоқда

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум 2006 йилдан буён АҚШга кетаётган биринчи FLEX  (Бўлажак лидерлар алмашинуви) дастури иштирокчиларига оқ йўл тилади. Мактаб ўқувчилари бўлган бу иштирокчилар 2021-2022-ўқув йили давомида Америка мактабларида ўқишади ҳамда Америкадаги мезбон оилалар билан бирга яшашади.

Бўлажак лидерлар алмашинуви (FLEX ) дастури 1993-1994 йилларда собиқ сенатор Билл Бредли томонидан АҚШ ва Евросиё мамлакатлари ўртасида узоқ муддатли тинчлик ва ўзаро тушунишни таъминлаш мақсадида тузилган ва йўлга қўйилган. Дастур хорижлик ёшларга АҚШ ва америкаликлар билан бевосита танишиш имконини беради, шу билан бирга у Евросиё маданияти ва мамлакатларини америкаликларга таништиради. Бугунга қадар 22 мамлакатдан келган 29000 дан ортиқ ўқувчи FLEX  дастури битирувчиси эканлигидан фахрланади.

1993 йилдан бери Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари FLEX  дастурига Ўзбекистондан 947 нафар иштирокчини юборди. Қўшма Штатларда FLEX  иштирокчилари етакчилик кўникмаларига эга бўладилар, Америка жамияти ва қадриятлари билан танишадилар, америкаликларга ўз мамлакатлари ва маданиятларини ўргатадилар. FLEX  талабалари АҚШ жамиятида жамоат ишларида иштирок этадилар ва ўз мамлакатлари вакили вазифасини бажарадилар. Уларнинг кўпчилиги дастур давомида орттирган маҳорат ва ғоялардан фойдаланган ҳолда ўз мамлакатларида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар. FLEX  дастури иштирокчилари дунёнинг табиатан қизиқувчан ва ғайратли фуқароларидир.

FLEX  – катта танлов ва ўқувчиларнинг ўқишдаги муваффақиятига асосланиб АҚШ Давлат департаменти молиялаштирадиган дастур бўлиб, у Арманистон, Озарбайжон, Чехия, Эстония, Грузия, Греция, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Литва, Молдова, Мўғулистон, Черногория, Полша, Руминия, Сербия, Словакия, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистонда фаолият олиб боради. Ҳар йили 35000 дан ортиқ ўқувчи FLEX  стипендиясини олиш учун бир нечта тест синовларида қатнашади, бу уларга бир ўқув йилида Қўшма Штатлардаги мезбон оилада яшаш ҳамда АҚШ мактабларида ўқиш имконини беради. FLEX  ҳақида батафсил маълумот олиш учун қуйидаги саҳифага ташриф буюринг: https://www.discoverflex.org/

2022-2023-ўқув йили учун навбатдаги FLEX  дастурига ариза топшириш 2021 йил 1 сентябрдан бошланади. Саволларингизни flex.uz@americancouncils.org электрон почта манзилига юборинг ёки Телеграмдаги @ACCELS каналаи орқали ушбу дастур эълонларини кузатиб боринг.