Покистон Қобулга ўз элчисини қайтарди

Покистон чоршанба куни Қобулдаги элчисини Афғонистонга қайтариб юборди.

Элчи Мансур Аҳмад Хон Покистон ва Афғонистон ўртасидаги асосий ўтиш жойи, Торкам чегараси орқали автомобиль йўли билан Қобулга қайтди, деди Исломободда журналистларга Ички ишлар вазири Шайх Рашид Аҳмад.

“Бизнинг чегараларимизда вазият меъёрда, ҳатто бизнинг элчимиз ҳам бугун Торкам орқали Қобулга қайтди”, – деди жаноб Аҳмад.

Ҳозир Афғонистонда тинчлик ҳукм сурмоқда ва 800 дан ортиқ юк машиналари бизнинг чегараларимиз орқали Афғонистонга ўтди, дея қўшимча қилди у.

Қобулдаги Толибон ҳукуматини тан олиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Аҳмад бу қарорни Бош вазир Имрон Хон ва Ташқи ишлар вазирлиги қабул қилишини айтди.

У, шунингдек, Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг ўз мамлакати тупроғини қўшнилар ва бошқа давлатларга қарши ишлатмаслик ҳақидаги баёнотини мамнуният билан қабул қилди.

“Покистон ҳам ҳеч кимга ўз тупроғини Афғонистонга қарши ишлатишига йўл қўймайди”, – деди Аҳмад.

Сешанба куни Қобулда бўлиб ўтган биринчи матбуот анжуманида Забиҳуллоҳ Мужоҳид АҚШга ва бошқа давлатларга Афғонистон тупроғи бошқа мамлакатларга зарар етказиш учун ишлатилмаслигини ваъда қилган.