Президент Ғани ва сиёсатчилар Толибонга қарши кучларни қуроллантиришга рози

Президент Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистоннинг таниқли сиёсий раҳбарлари билан учрашди ва Афғонистондаги ҳозирги вазиятни муҳокама қилди, дейилади Президент саройи баёнотида.

Хабарга кўра, афғон етакчилари Толибон жангариларига қарши курашиш учун аҳолининг қаршилик кучларини тезликда қуроллантиришга қарор қилишган.

“Ушбу йиғилишда хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш, республикани ҳимоя қилиш ва ушлаб туриш, душман ҳужумларига қарши оммавий қаршиликларни бирлаштириш, кучайтириш ва тез қуроллантириш тўғрисида қарор қабул қилинди”, – дейилади баёнотда.

Учрашувда раҳбарлар ва сиёсий етакчилар республиканинг турли ҳудудларида мамлакат душманига қаршилик кўрсатувчи ва мамлакатнинг хавфсизлик ҳамда мудофаа кучларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Учрашув аҳолининг қаршилик кучлари Қобулни уруш фронтига етарлича ёрдам кўрсатмаётгани учун танқид қилганидан кейин юз берди.