Қатардаги сузувчи эко-меҳмонхона

Қатарда қуриладиган сузувчи эко-меҳмонхона ўзининг электр энергиясини ишлаб чиқариш йўли билан меҳмонхона бизнесида олдинга бир қадам ташлади.

У ажойиб дизайнга эга ва денгизда сузиб юради. Меҳмонхона айланиш хусусиятига ҳам эга, чунки айланиш унга ўз электр энергиясини ишлаб чиқариш учун имкон беради. Айтиш мумкинки, бу бино ҳам ҳашаматли турар жой, ҳам гидрогенератордир. Гарчи ақл бовар қилмайдигандек туюлсада, лойиҳа амалга ошса, бу меҳмонхона бизнесида барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.

Эко-меҳмонхона “минимал энергия йўқотилиши ва ҳеч қандай чиқиндисиз” тамойилига амал қилади. Тафсилотларга кўра, структура ўз ўрнини сув оқими йўналишига қараб айлантириб, электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Меҳмонхона айланишига қарамай, меҳмонларга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. У ўз ўқи атрофида тўлиқ бир марта айланиш учун тахминан 24 соат вақт сарфлайди.

Бундан ташқари, иншоот қуёш панеллари ва шамол турбиналари орқали ҳам энергия ишлаб чиқаради. Меҳмонхона, шунингдек, ёмғир сувини йиғиш учун гирдоб шаклидаги ойнали том билан жиҳозланган. Тўпланган сув меҳмонхонани кўкаламзорлаштириш ва суғориш учун ишлатилади.

Беш юлдузли меҳмонхона сифатида қурилиши режалаштирилгани учун унда ёпиқ ва очиқ бассейнлар, курорт ва спорт заллари ҳам мавжуд. Бошқа дам олиш масканлари қаторида бар, клуб ва мини-гольф майдонини учратишингиз мумкин.

35 000 квадрат метр майдонни эгаллаган бу улкан бино, ҳар хил кўринишга эга балконли 152 та хонани ўз ичига олади. Меҳмонхонанинг марказида улкан ойнаванд холл жойлашган.

Гарчи ҳозирда фақат дизайн босқичида бўлсада, меҳмонхона Қатарда 2025 йилгача қуриб битказилади.